Султон икки нафар қул сотиб олди. Бири келишган, озода, тишлари оппоқ эди.
Султон янги қулини ёнига чақириб, суҳбатлашди. Қул хожасининг сўровларига аниқ ва тўлиқ жавоб берди. Султон унга илтифот кўрсатиб, ҳаммомга жўнатди.
Сўнг: «Иккинчи қул ҳам ёнимга келсин!», деб амр қилди. Бу қул жуда хунук, тишлари қоп-қора, оғзидан нохуш ҳид келар эди. Суҳбатидан ҳам султоннинг кўнгли тўлмади. Лекин кўринишга қараб шошилиб ҳукм чиқармай, уларни яхшилаб синовдан ўтказишга қарор қилди.
Оғзи бадбўй қулига дедики: «Сен ақлли одамга ўхшайсан. Лекин олдинроқ ҳузуримга келган қул мени сендан совутишга уринди, сен ҳақингда: «У яхши одам эмас, ўғри. Бўлмағур одамлар билан улфат ҳамда номуссиз киши», деб айтди», деди. Қул: «Ҳожам, мен уни тўғрисўз одам деб биламан.
Ёлғон сўзлаганига гувоҳим ҳам йўқ. Менинг ёмон жиҳатларимни кўрган экан, у кўрган айбларимни ўзим кўра олмабман», деди. Султон қанча уринмасин, қулга дўсти ҳақида ёмон гап айттиролмади.
Аввалги қул ҳаммомдан қайтгач, хўжайинининг ҳузурига чақирилди. Султон унга: «Жуда ҳам чиройли бўлиб кетибсан. Лекин минг афсуски, нариги шеригинг сен ҳақингда айтган хислатлари сенда бўлмаганда эди», деди. Қул бирдан қизишди: «Султоним, у диёнатсиз мен ҳақимда нима деди?!».
Султон: «У сенинг иккиюзламчилигинг, кўринишда даво, аслида эса дард эканингни гапирди». Қул бу гапларни эшитгач, жаҳлдан ақлини йўқотди. Қизариб-бўзариб, шеригининг орқасидан оғзига нима келса гапирди.
Султон: «Мен иккингизни ҳам имтиҳон қилиб кўрдим. Билдимки, унинг оғзидан нохуш ҳид келса, сенинг руҳингдан бадбўй ҳид таралар экан. Бундан кейин у сенинг хожанг, сен эса унинг қулисан. Бор, унинг хизматида бўл!», деб буюрди.
Ҳуснли, аммо ахлоқсиз одам қадрсиздир. Бир инсоннинг юзи хунук бўлиши мумкин. Лекин ахлоқи гўзал бўлса, унинг оёқлари остида жон таслим қил! Зоҳирий шакл, гўзаллик ўткинчи, маъно олами эса боқий ва бебаҳодир.
«Маснавий»дан