Миришкор ҳокимининг 50 минг доллар билан қўлга тушган ўринбосари ва Муборак ИИБ бўлими бошлиғига суд ҳукми ўқилди

Шу йилнинг 4 август куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди биносида туман суди раиси О.Шукуровнинг раислигида очиқ суд мажлиси ўтказилган. Бу ҳақда «Nasafnews» манбаси хабар берди.

Судда судланувчи У.Яхшиев Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи лавозимидан Миришкор тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимига тайинлангани айтилди ва у муқаддам ички ишлар органларида ишлаганида Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриев билан жиноий тил бириктиргани маълум бўлган.

Фуқаролар Ж.Эсанов ва О.Абдуллаев чорвачилик кластерини ташкил қилиш учун Миришкор тумани ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришни сўраб, Миришкор туман ҳокимлигига мурожаат қилишган.

Ўринбосар Миришкор туман ҳудудидан 500 гектар ер ажратиб беришга ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига 40.000 АҚШ доллари миқдорида, қолган 500 гектар ер майдонини жиноий шериги Х.Бахриев орқали Муборак тумани “Муборак” МФЙ ҳудудида жойлашган жазони ижро этиш колониясига тегишли бўлган ер майдони ҳудудидан олиб беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига яна 40.000 АҚШ доллари, жами 1000 гектар ер майдони олиб бериши эвазига 80.000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи беришларини талаб қилгани аниқланган.

Суд ҳукмига кўра, Яхшиев Умид Носирович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 4-қисмининг “а” банди ва 28,211-моддаси 3- қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Унга нисбатан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, 108 млн сўм жарима жазоси ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Айбланувчининг шериги, Муборак тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Бахриев Хужаназар Шоймардановичга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 213 баравари миқдорида, 57 млн 510 минг сўм жарима жазоси тайинланди.