Андижонда яна бир тадбиркор ўз жонига қасд қилди


Андижон вилояти Улуғнор туманида фаолият олиб борувчи «Такомил қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўз жонига қасд қилди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Ҳокимлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар жараёнида туман ҳокимлигида мақолада таъкидланган 200-300 кишилик йиғилиш ўтказилмагани, шунингдек, тадбиркорга ҳеч ким, на прокурор на ҳоким тазйиқ ўтказмаганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, тадбиркорга қурилиши олиб борилаётган лойиҳа қийматининг 85 фоизи миқдорида маблағ ажратилган. Шунингдек, тадбиркор 250 миллион сўм маблағини амалий кўмак сифатида сўраган бўлиб, унинг мурожаатига жавобан вилоят ҳокимининг топшириғига биноан қўшимча 350 миллион, жами 600 миллион сўм маблағ ажратилиш масаласи белгиланган тартибда Халқ депутатлари кенгашига 10 кунлик муҳокама учун қўйилган.

«Ўрганишлар мобайнида ‘Такомил қурилиш сервис’ МЧЖ раҳбарининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар келиб чиқмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура органлари ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Мавзу юзасидан батафсил ахборот тақдим этилади», дейилади хабарда.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, «Такомил қурилиш сервис» МЧЖ таъсисчиси Аъзам Вохобжонов ҳисобланади. У 100 фоизлик улушга эга. Компания Улуғнор тумани Оқолтин шаҳарчасида рўйхатдан ўтган.