uzautomotors.com сайтида хабар берилишича Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган Chevrolet Tracker-2023 автомобилининг сотуви бошланишига 7 кун қолди. Ҳа, бор-йўғи 7 кун. Лекин негадир унинг нархлари ҳамон ошкор этилмаяпти.
Маълумки, шу йил 18 июл куни Chevrolet Tracker-2023 моделини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бошланиши расман эълон қилинди. Халқимиз автосаноатимиздан арзон, замонавий ва тежамкор автомобил кутаётгани ҳеч кимга сир эмас, албатта.
Ахир, қачонгача хорижда ишлаб чиқарилган энг илғор технологиялар, автомобилсозлик саноатидаги сўнгги ютуқлар қўлланилган “тойчоқ”ларга ҳавасимиз келиб юради?! Қолаверса “иномарка” улар ишлаб чиқариладиган мамлакатларнинг ўзида анча арзон. Бизгача эса транспортировка, божхона харажатлари, акциз солиғи, олиб келувчининг фойдаси ва бошқалар устига “миниб-миниб” автомобиллар а-анча (баъзи ҳолларда қарийб икки баробар) қиммат бўлиб келади.
Тўғри, Chevrolet Tracker-2023 автомобили супер замонавий эмас. Лекин, ҳозиргача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг энг олди деб бемалол айтсак бўлади.
Шу вақтга қадар Tracker Хитойдан олиб келиб сотилар эди. Охирги марта Chevrolet Tracker Turbo 1.0 LT A/T 325T (премьер) автомобилининг нархи 255 200 000 сўм бўлган. Энг қиммати Chevrolet Tracker Redline A/T 328T (редлайн) эса 264 миллион сўм бўлган.
Айрим маълумотларга қараганда, Хитойда Tracker’нинг энг қиммати 19 минг доллар атрофида экан. Унинг устига олиб келиш харажатлари ва олиб келувчининг фойдаси қўйилганда юқоридаги нархлар келиб чиққан бўлиши мумкин.
Хўш, Хитойдан келтирилиб сотилган нархлардан келиб чиқсак, яқин кунларда миллий маҳсулот бўлиб чиқиши кутилаётган Chevrolet Tracker-2023 кроссовери нархи қанча бўлади? Бу саволнинг жавоби кўпчиликни қизиқтиради, албатта.
Ўзавтомоторс вакилларининг таъкидлашларича, ўзимизда чиқариладиган автомобиль Хитойникига қараганда қўшимча опцияларга эга. Хусусан унинг двигатели 1,0 эмас, 1,2 ҳажмли бўлади.
Бу – бизда ишлаб чиқариладиган автомобилнинг нархи Хитойникидан қиммат бўлишига шаъмадек. Аллақачон айрим тахминлар ҳам илгари сурилмоқда.
Мисол учун, автомобиллар, уларнинг нархлари ҳақида маълумотлар бериб борадиган autostrada.uz сайти 10 август куни эълон қилган материалда Chevrolet Tracker – 2023 автомобили premier позициясининг нархи 300 миллион сўмдан ортиқ бўлиши, айрим манбааларга кўра, унинг нархи 320 миллион сўм бўлиши мумкинлиги айтилди.
“Қўрққан олдин мушт кўтарар” деганларидек, аввалроқдан одамларнинг “этини ўлдириш” учун бу каби тахминлар Ўзавтомоторс томонидан атайин сиздирилаётган бўлиши ҳам мумкин. Буниси энди бизга қоронғи.
Оддийгина “хомчўт” қилиб кўрайлик: “миш-миш”ларга ишонган ҳолда 320 млн. сўмни олсак, бу нарх Хитойда 19 минг доллар сотилаётган автомобиль билан солиштирганда қанчалик мақбул дея оласиз? Айрим мутахассисларнинг таъкидлашича, айрим опциялар қўшилиши билангина нархнинг тахминан 10 минг долларга ошиши – бу умуман мумкин бўлмаган ҳолат. Аслида нари борса, Хитойда 19 минг доллар сотилаётган автомобиль ўша қўшимча опцияларини ҳисобга олган ҳолда олиб келиб сотилган нархдан ошиб кетмаса адолатга яқин бўлади.
Табийки, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини имкон қадар қиммат сотишни, кўпроқ фойда олишни истайди. Ҳақиқий бозор иқтисодиёти, рақобат шароити бўлганда буни рақобат, бозорнинг ўзи тартибга солиб қўярди. Лекин монополия шароитида ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи, етказиб берувчи халқнинг хоҳиш-истаги, даромад ва буромадини албатта ҳисобга олиши керак эмасми бошқа танлови йўқ одамларга маҳсулотини таклиф этаётганда?
Ўзавтомоторс ишлаб чиқараётган машиналарнинг нархи, сифати бўйича эътирозлар ҳаддан зиёд кўп. Биз ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасмиз.
Лекин айрим жиҳатлари ҳам бор. Chevrolet Tracker – 2023 автомобилининг сотуви мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида бошланади. Ҳар ҳолда Ўзавтосаноат қиммат-қаҳат нархни совға қилмаса керак халқимизга, деган йилт-йилт этувчи умид ҳам йўқ эмас одамларнинг қалб тубида.
Иккинчидан, монополия тўғрисидаги қонунчиликка биноан монопол ташкилотлар маҳсулотлари, хизматлари нархларини шакллантиришнинг ўз тартиб-таомили бор. Ўзавтосаноат Tracker – 2023 нархини Ҳукумат билан албатта келишади.
Президентимизнинг Инсон қадри сиёсатини амалга ошираётган Ҳукуматимиз автомобил нархларининг сунъий ошириб юборилишига йўл қўймайди, деб ишонамиз.