Қарши шаҳридаги Шодлик маҳалласида жойлашган 2-сонли хароба ётоқхонада 3 сентябрь куни бахтсиз ҳодиса кузатилди.
Бу ҳақда «Nasafnews» хабар бермоқда.
Ётоқхонанинг 4-қаватида жойлашган уйлардан бирида яшовчи 1987 йилда туғилган эркак М.Н. ён қўшнилари билан жанжаллашиб қолган. Қўшнилар унга ўткир тиғли буюмлар билан жароҳат етказгани айтилмоқда. Фуқаро эса ўзини ҳимоя қилиш мақсадида уйига кириб, устидан қулфлаб деразадан дарахтга сакрамоқчи бўлган. Аммо дарахтгача ета олмай, қулаб тушиб воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу маълумотларни воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг бошқа қўшнилари айтмоқда.
Ҳозирда марҳум яшаган хонадон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан муҳрланган. Прокуратура органлари терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.