Дунёнинг энг кўп фойдаланиладиган иловаларидан бири Instagram га, Ирландиядаги маълумотлар хавфсизлиги комиссияси томонидан 405 миллион евро жарима жазоси белгиланди. Сабаби хавфсизлик қоидаларини бузиш деб кўрсатилди. Instagram нинг болаларнинг электрон манзиллари, почтаси ва телефон рақамининг тарқалиши, шунингдек, болалар ҳақдаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлай олмагани айтилмоқда.
Ирландия хавфсизлик комиссияси томонидан берилган хабарда “Якуний қарорни ўтган жума куни тасдиқладик, унга кўра, жазо сифатида 405 миллион евро жарима тўлаш белгиланди” дея таъкидланди.
2020 йилнинг сентябрь ойида Instagram дан кўп фойдаланувчи ёшларнинг ўз маълумотларини қандай сақлаганликлари борасида кузатувлар олиб борилди. Ушбу жараёнда 13 ҳамда 17 ёш орасидаги фойдаланувчиларнинг, электрон манзиллари, телефон рақамлари ва шахсий маълумотлари қандай ҳолатда эканлигига эътибор берилди. Қолаверса, махфийлик созламалари “Шахсий” доирадан ташқари эканлиги, ҳаммага маълум бўладиган “Умумий” ҳолатдалиги хулосаси келиб чиқди.
Instagram нинг бош ширкати бўлган Меta вакилларидан бирининг берган изоҳига кўра, “Бу суриштирув ишлари бир йил аввалги эски ҳолатга кўра, хулоса қилинган. Бу вақт мобайнида биз ёшларнинг шахсий маълумотларини ишончли ва хавфсиз ҳолатда сақлай олишлари учун бир қанча имкониятлар яратдик. 18 ёшгача бўлган барча фойдаланувчиларнинг маълумотлари эндиликда автоматик равишда махфий ҳолатда созланади. Фақат ўзлари таниган ёки билганларгина нималарни улашаётганини кўришлари мумкин. Уларни кузатмаётган бошқа бегона фойдаланувчиларга хабар жўната олишмайди. Биз ушбу жаримага рози эмасмиз ва бу ҳолатга эътироз билдирмоқчимиз” дейилади.