Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида жойлашган 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси сувга чўкиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлган кун соат тахминан 08:30 да болани катта опаси 23-сонли ДМТТ тарбияловчилари ихтиёрига олиб келиб ташлаб кетган. Орадан маълум вақт ўтгач, мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва раҳбарининг бепарво ҳамда лоқайд муносабати оқибатида тарбияланувчи МТТ ҳудудидан рухсатсиз чиқиб, опасининг орқасидан югурган. Ҳаракат оқибатида бахтсиз тасодиф билан сирпаниб, уйи яқинидан оқиб ўтувчи «Собиржон» дарёсига йиқилиб тушган ва оқибатда чўкиб кетган.
Бош прокуратура вакилига кўра, 4 ёшли тарбияланувчи бола дарёда чўкиб вафот этганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
ДМТТнинг молиявий фаолияти ўрганилганда, тарбияланувчилар учун сарфланиши лозим бўлган 24,3 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.