ЎзЖОКУ талабаси ректорга салом бермагани учун калтаклангани айтилмоқда. Бу ҳақда RakursUz маълум қилди.
Ёзилишича, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ректорга салом бермагани учун талабани калтаклашган. Айтишларича, зўравонларнинг орасида Умид Фахриддинович исмли проректор ҳам бўлган.
Бу хабар талабалар орасида ва ижтимоий тармоқларда маълум бўлганидан сўнг, талабалар таълим муассасасининг телеграмдаги «Талаба мурожаати» номли гуруҳида маъмуриятга норозилик руҳида турли хил гапларни ёзишган, ходимлар эса бу ёзишмаларни ўчириб ташлашган, шунингдек, жабрланувчининг аккаунтини блоклаб, гуруҳга қўшилишини чеклаб қўйишган.
Бундан ташқари, ходимлардан бири талабаларга қарата гуруҳда ҳақоратомуз гапларни айтганликлари ва раҳбариятдан норози бўлганликлари учун талабалар сафидан четлатилишларини айтган, бироқ бу хабар ҳам кўп ўтмай ўчириб ташланган.
Кейинчалик эса, гуруҳга барча талабаларнинг ёзиши тақиқлаб қўйилгани айтилмоқда.
Орадан бироз вақт ўтгач ректор Шерзодхон Қудратхўжа вазиятдан хабар топган ва вазиятга ойдинлик киритилиши маълум қилинган.