Фарзандларимиз таълим-тарбияси учун қай даражада аҳамиятли ва қанчалик мукаммал бўлади?
Истиқлолнинг дастлабки йилларида янги, ёш мустақил давлат учун олдинги тузимнинг мафкураси, таълим тизими, шунингдек, дарслик адабиётлари ҳам мувофиқ бўлмаслиги табиий эди. Бу масала тўғри мулоҳаза қилингач, бир қанча олимлар жамоаси янги дарсликлар яратиш устида иш бошлади. Дарсликлар яратилиб, муҳокамалардан ўтиб, ўқувчилар қўлига етиб боргунча мактабларда бир муддат китобсиз, фақат ўқув дастури асосида дарслар ўтилгани ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
«Энг замонавий»сини яратиш муаммоси
Ўша пайтда ота-оналар ва ўқувчилар олдингиларига умуман ўхшамаган, дарсликларнинг буткул янги авлоди яратилишини интизорлик билан кутишган эди. Ниҳоят, дарсликлар қўлга текканда уларнинг ҳар томонлама пишиқ-пухта эмаслиги кўп баҳс-мунозаларга сабаб бўлди. Ҳатто, қисқа вақт ичида бир фан доирасида бир неча дарсликлар синовдан ўтказилди. Бу ҳамма учун бирмунча ноқулайликлар келтириб чиқарди. Бунинг устига дарсликлар учун пулли (кейинчалик ижара) тизим жорий қилина бошлади. Ҳар йили фарзандига янги дарслик сотиб олиши ва бу китоблар кейинги йили ҳеч кимга керак бўлмаслиги ҳар бир ота-онага малол келиши табиий эди. Шундай бўлса-да, бир йилнинг ўзида битта фандан бир нечта дарсликлар тажриба тариқасида тақдим этилгани ҳам рост.
Хуллас, ҳар жиҳатдан муносиб бўлган дарсликлар яратиш синови борасида, мана, ўттиз йилдирки, турли тажрибалар ўтказиб келиняпти. Аммо ҳалигача аниқ ва узил-кесил бир шакл ва методга келингани йўқ. Орада бир неча авлод тажриба сифатидаги турли дарсликларни ўқиб-ўқимай мактабни тугатиб олди.
Халқ таълими тизими ва унда дарсликлардан фойдаланишда муайян барқарорлик, кўлам, аниқ белгилаб олинган стандартлар ишлаб чиқилмади. Бир йил ўқитилган мавзулар кейинги йил ўзгартирилди ёки дастурдан умуман чиқариб ташланди.
Республикадаги энг илғор олимлар жамоаси узоқ йиллик изланишлар самараси ўлароқ янги замон талабларига тўла жавоб бера оладиган, давр мафкурасини ўзида акс эттирган, шу билан бирга, олдингиларини такрорламайдиган дарсликлар яратишни қатъий мақсад қилиб олган эди. Бу борадаги изланишлар ҳалигача давом этмоқда.
Орадан ўттиз бир йил ўтгач, дарсликлар масаласи яна кун тартибига қўйилди. Ўтган даврда яратилган дарсликлар бугунги куннинг замонавий талабларига тўла жавоб бера олмаётгани яна баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда. Мана, бугун ҳам энг янги замонавий дарслик яратиш устида бош қотириляпти. Улар фарзандларимиз таълим-тарбияси учун қай даражада аҳамиятли ва қанчалик мукаммал бўлади? Ушбу савол шу кунларда ҳаммани қизиқтираётган бўлса, ажаб эмас.
Аҳамият берилса, шу пайтгача яратилган дарсликларнинг деярли барчаси «энг янги» ва «замонавий» бўлиш талабига асосланди. Бу билан таълим мутасаддилари ҳам, дарслик муаллифлари ҳам уларнинг бугунги кун ўқувчиси учун осон, тушунарли ва фойдали бўлишини назарда тутишди. Мазкур ишга бош қўшган фидойи инсонларнинг барчасида мақсад жуда эзгу бўлган. Эътироф этиш керакки, ҳатто бу борада салмоқли ютуқларга ҳам эришилди. Собиқ иттифоқ таълим тизимининг миллий дунёқарашга бир қадар бегона бўлган ва айрим ҳолларда бир жойда депсиниб қолган, йиллар давомида пайдо бўлган янги ахборотлар тизимини ўзида мужассамлаштира олмаган, биқиқ мафкура исканжасида тутилган дарсликлари билан солиштирганда истиқлол даври дарсликлари катта натижаларга олиб чиқиши кўзланган эди. Бу мақсадга бир қадар эришилгани албатта эътироф этилиши зарур.
Шу билан бирга, масаланинг бошқа тарафлари ҳам бор эди. Дарсликларга қўйилган «энг янги» ва «замонавий» бўлиш талаби уларнинг янги кун, янги давр талабларига тўла жавоб бера олмай, қисқа муддатда эскириб қолишига сабаб бўла бошлади. Борлиқнинг оддий қонунияти шундаки, ҳар қандай янги нарса вақт ўтиши билан эскиришга юз тутади. Ҳар бир «замонавий» даврлар ўзгариши билан ўз ўрнини бошқасига бўшатиб беришга маҳкум. Замонавийлик фақат ўз даври учунгина замонавий бўла олади холос. Бошқа замонларнинг ўз замонавийлиги пайдо бўлаверади. Шу мантиқий хусусият, шубҳасизки, энг янги ва замонавий бўлиш хусусияти билан яратилган дарсликлар бошига ҳам тушди.
Вақт ўтган сари илм-фаннинг янги уфқлари очила боради. Инсон дунёқараши, илми, савияси, ҳаёт тарзи ҳам шунга мувофиқ илгарилашдан ҳеч қачон тўхтамайди. Шундай бир шиддатли даврда ҳар бир замон учун эскирмас ва айни пайтда янгилик бўла оладиган дарсликлар яратиш чиндан ҳам жуда катта масала ҳисобланади. Инсоният тарихини кузатсак, илм-фанда энг юқори даражаларга эришилган даврларда таълим айнан шу – эскирмас ва ҳамиша янгилик бера оладиган ўқув қўлланмаларидан фойдаланиш йўлидан борилганининг гувоҳи бўламиз.
Бугун Учинчи Ренессансга қадам қўйиш учун катта тайёргарликлар кўриляпти. Шундай пайтда аждодларимиз илм-фанда тараққий этган, бутун инсоният учун татигулик илмий кашфиёт ва ихтиролар яратган, бу билан дунёни лол қолдирган олдинги даврлардаги энг илғор тажрибаларга мурожаат қилиш, уларнинг ютуқларидан фойдаланиш эҳтиёжи албатта юзага келади. Масалага син солиб қарасак, дунёнинг энг ривожланган таълим даргоҳлари асосан бизнинг аждодларимиз яратган ўқув тизими ҳамда илмий асарларига таянган ҳолда юксак натижаларга эришиб келмоқда. Аммо шу мероснинг ҳақиқий ворислари бўлган бизлар эса ҳали бу улкан хазинадан тўла фойдалана оляпмиз, дея олмаймиз.
Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Кошғарий, Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби ўнлаб аллома боболаримизнинг бой илмий мероси жаҳон илм-фан тараққиётида туб бурилиш ясаганини ҳеч ким инкор этолмайди. Аммо уларнинг илм-фанда айнан нималар яратгани ва бугунги кунимиздаги аҳамияти ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз. Айниқса, мактаб дарсликларидаги маълумотлар асосан алломанинг туғилиши, яшаган жойи ва даври, яратган асарлари ҳақидаги жуда қисқа аннотацион тарздаги бошланғич хабарлар холос. Лоақал бирон асарнинг туб моҳияти билан ўрганиш даражасига ҳали етиб боролганимиз йўқ. Эҳтимол, дунёнинг бошқа давлатлари таълим тизимидан ажралиб турувчи фарқимиз ҳам шунда бўлса керак.
Мана, сизга биргина мисол келтираман. Алишер Навоийнинг устози –мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий таҳсилда фарзанди тил қоидаларини ўзлаштиришга қийналаётганини мулоҳаза қилиб, унинг дарслиги ҳошиясига баъзи тушунтирувчи изоҳларни ёзиб берган. Кейинчалик ана шу изоҳларнинг ўзи алоҳида дарслик сифатида ўқитила бошлаган. Эътиборлиси шундаки, ўша китоб анъанавий таълим тизимида ҳалигача асосий дарслик вазифасини бажариб келяпти. Ҳозир орадан қарийб олти юз йил ўтди. Даврлар, замонлар, мафкуралар, дунёқарашлар тинимсиз ўзгариб турди. Лекин бу муддат Жомийнинг китоб ҳошиясида ўғлига атаб ёзган битикларига ҳеч қандай таъсир ўтказа олгани йўқ. У бугун ҳам ноёб, қадрли ва манфаатли манба сифатида кенг истеъмолда бўлиб келяпти.
Бу каби мисолларни бошқа алломалар асарлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Зеро, буюк алломаларимиз яратган илмий асарларни инкор эта оладиган тафаккур намуналари ҳалигача дунё миқёсида ҳам яратилганича йўқ.
Бугун яратилаётган дарсликларда таълим тизимидаги шу каби анъанавий асосларни инобатга олиш, бизнингча, катта самара беради.
Ёлғон ёзилаётган китоблар
Болалар аксарият ҳолларда мактабга чиққанида илк бор китоб билан танишади. Дастлаб унга чексиз ҳайрат билан муносабатда бўлади. Уни фақатгина тўғри маълумотларни берувчи чинакам илм манбаи, деб қабул қилади. Шундай пайтда мактаб дарслигида бирон техник, имловий ё мазмуний хато учраса, боланинг катта ишончи чилпарчин бўлади. Болада китобга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳисси йўқола боради. Оқибатда, бола нафақат мактаб дарслиги, балки ҳар қандай китобдан узоқлаша бошлайди. Бу охир-оқибатда, таълимдан, илм-маърифатдан узоқлашишга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас, албатта. Бугунгача яратилган дарсликларда шундай номувофиқликларни учратиш мумкин. Эндиликда бундай нуқсонларга йўқ қўйилмаслигига ўта жиддий эътибор қаратиш зарур.
Модомики, дарсликлар ўқувчининг ёшига мос тарзда синфларга мўлжаллаб тайёрланар экан, уларда боланинг қабул қилиш, тушуниш ва англаш хусусиятини ҳам инобатга олиш муҳимдир. Йиллар давомида қайта-қайта мулоҳазаларга сабаб бўлиб келаётган адабиёт дарсликларидаги мураккаб ишқий ғазаллар, кўп қатламли тасаввуфий тимсоллар ўрнига бола маънавиятига озиқ берувчи ахлоқий ҳикоятлардан фойдаланиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ ва фойдали бўлади.
Шунингдек, барча дарсликлардаги маълумотлар умумлаштирилганда бир-бирига зид бўлмаслиги, бири бошқасини инкор этмаслиги, халқнинг минг йиллар давомида шаклланган қадриятлари, муқаддас туйғулари, ишончи, турмуш тарзи, юксак ахлоқ намуналарига хилоф бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратилиши жуда муҳимдир.
Учинчи Ренессанс дарсликлари учун биринчи ва иккинчи ренессансдаги илғор тажрибаларга ўринли асосланиш дарсликлар билан боғлиқ бир қанча муаммоларнинг ижобий ечим топишига йўл очиши мумкин. Лекин бу иш шошма-шошарлик билан бир зумда қилинадиган юмуш эмаслигини эътибордан соқит қилмаслик лозим. Бунинг учун алоҳида олимлар жамоаси тузилиб, масаланинг барча жиҳатларини атрофлича ўрганиб чиқиши зарур. Бугунги кун учун зарурий, эртанги истиқболимизни белгилаб берадиган, энг муҳими, жаҳон илм-фани тараққиётига мустаҳкам манба сифатида ҳисса қўша оладиган дарсликлар яратиш биз учун фақат орзу бўлиб қолмаслиги керак. Ушбу мураккаб, лекин шарафли вазифа бошланаётган янги тамаддун учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Зиёуддин КАМОЛ