Янгиҳаёт туманида 2021-2022 йиллар давомида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ogoh.uz мухбири маълум қилди.
Матбуот анжуманида бир қатор журналистлар, блогерлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди. Журналистлар давра суҳбатида бир қатор ўзини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга юзланди.
“Хабарингиз бор 2020 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрининг Сергели ва Бектемир ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Қуйичирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан олинган жами 4 419,6 гектар ҳудудда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Янгиҳаёт тумани ташкил этилган. Бугунги кунда биринчилардан бўлиб аҳоли учун тиббиёт, таълим ва маҳаллаларда қулайликлар яратишни мақсад қилганмиз. Ўзим ҳам шу ҳудуда бўлганим учун доим одамларни нима муаммолар қийнаётганидан хабардорман. Ҳаммасини тизимли ҳал этиш устида ишлаяпмиз. Ҳукумат комиссиясига бир қанча лойиҳалар киритганман. Агар мана шу лойиҳалар тасдиқланса, ўйлайманки, туманимиз энг илғор туманлар қаторига қўшилади”, дея таъкидлади Ҳаёт Иноғомов.
Шунингдек, кутилмаганда “Тошкент индекс”га талабаларни жойлаштириш бошлангани, ушбу жойни доимий талабалар турар жойи қилиб қўйиш имкони бор ёки йўқлиги билан ҳам қизиқилди.
“Ҳеч кимга сир эмаски, “Тошкент индекс”даги дўконларнинг ўз эгалари бор. Биз уни ҳукумат сўровига асосан дўкон хўжайинларидан вақтинча сўраб олганмиз. Талабалар учун тўлов сўммаси 200 000 сўм этиб белгиланган бўлиб, қолган 300 000 сўм маблағ давлат томонидан тўлаб берилмоқда. ТТЖ қуриш лойиҳалари тасдиқланган, баъзи жойларда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Биз имкон қадар уларни жой билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Ҳозир аниқ айта олмаймиз, балки олти ой ичида уларни бошқа жойга кўчириб ўтказармиз”, — дея жавоб берилди.
Маълум қилинишича, тумандаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги 177-сон қарори билан “Янгиҳаёт туманини 2021-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури” тасдиқланган.
Бу борада, энг кўп ишлар ҳажми Тошкент вилоятидан Янгиҳаёт туманига ўтган 6 та маҳаллага тўғри келиши аниқланган.
Ушбу 6 та маҳалладаги мактабларни иситиш тизими ва ҳожатхоналарини таъмирлаш учун 2021 ва 2022 йиллар давомида жами 2 млрд сўм йўналтирилган.
“Умумий ҳисобда, ўтган икки йил давомида ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш ишлари учун туман маҳаллий бюджетидан 118.8 млрд сўм йўналтирилди.Тез тиббий ёрдам станциясини қуриш ишларини якунладик, Хушнуд маҳалласида янги оилавий поликлиника қурилишини бошладик. Келгуси йилда Марказий поликлиникани капитал таъмирлаш бўйича режаларимиз мавжуд”, дея қўшимча қилди ҳоким.