Кеча, 22 сентябрь куни Хитойнинг собиқ Адлия вазири ва Жамоат хавфсизлиги вазирининг ўринбосари Фу Чженхуа икки йиллик муддат билан ўлимга ҳукм қилинди. Икки йилдан кейин ҳукм ўзгартирилиб, умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Суд ҳукмига кўра, у умумий миқдорда 117 млн юан (16,5 млн доллар атрофида) пора олишда айбдор деб топилган.
Фу Чженхуа сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум қилиниб, унинг мулки давлат фойдасига хатланишига қарор қилинди. Икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилингандан сўнг, ҳукм апелляция ва шартли равишда озод қилишсиз умрбод қамоқ жазосига алмаштирилиши мумкин.
Терговнинг аниқлашича, Фу Чженхуа 2005 йилдан 2021 йилгача турли давлат ва партия лавозимларида ишлаган вақтида бизнесга ҳомийлик қилган, шунингдек, ўз мансабидан шахсий мақсадларда фойдаланган. Бундан ташқари, у укаси Фу Вейхуа томонидан содир этилган жиноятларнинг муҳим далилларини яширганликда айбдор деб топилди.
Фу Чженхуа ўз айбига иқрор бўлди ва пушаймонлигини билдирди, шунингдек, ноқонуний йўл билан олинган мол-мулкни топишда ёрдам берди ва бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича кўрсатма берди.
Фу Чженхуанинг ички партия текшируви 2021 йил октябрь ойида бошланган. Аввалроқ Хитой оммавий ахборот воситалари унинг иши Жамоат хавфсизлиги вазирининг бошқа ўринбосари Сун Лицюнга қарши 2020 йилда бошланган тергов билан боғлангани ҳақида хабар берган. Кейинроқ Сун Лицзюн умумий миқдорда 646 миллион юан (тахминан 95,74 миллион доллар) миқдорида пора олганига иқрор бўлган.