Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг аҳлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Баёнотда таъкидланишича, аҳлоқ полициясига қарши санкциялар “эронлик аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ, шунингдек, Эронда тинч намойишчиларнинг ҳуқуқларини поймол қилгани учун” жорий этилган.
“Аҳлоқ полицияси ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Амини яқинда ўлими учун жавобгардир”, дейилади Молия вазирлик баёнотида.
Эрон қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Киюмарс Ҳейдарий, Эрон Ислом Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучларининг Чеҳармехал ва Бахтиёрия вилоятларидаги қўмондони Манучеҳр Аманоллаҳий, Эрон ҳуқуқ-тартибот кучлари қўмондони ўринбосари Қосим Ризоий, “Басиж” исломий халқ милицияси қўмондони Салар Абноуш ҳам қора рўйхатга киритилди. Бундан ташқари, рўйхатга Эрон разведка вазири Сейид Эсмоил Хатиб ҳам киритилган бўлиб, унга нисбатан Молия вазирлиги 9 сентябрда Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ ва иттифоқчи давлатларга қарши кибер-фаолиятларда иштирок этгани учун бошқа санкциялар ҳам жорий этган эди.
“Бу одамларнинг барчаси намойишларни бостириш ва намойишчиларни ўлдиришда иштирок этган. Эрон ҳукумати аёлларга нисбатан мунтазам таъқибларни тўхтатиши ва тинч намойишларга рухсат бериши керак”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен алоҳида баёнотида.