Уйғонинг, «Темир йўллар»!

Август ойининг 20-санасида Тошкентга боришим зарур бўлиб қолди. Барвақтроқ чипта олиб қўйиш мақсадида Урганч вокзалига бордим. Чиптахона хизматчиси 25 августгача барча чипталар сотиб бўлинганини айтгач, хунобим ошиб уйга қайтдим.


Орадан икки кун ўтмасданоқ пойтахтдан нуфузли идоралардан бирида ишловчи мутасадди сим қоқиб, 25 августга етиб боришимни тайинлаб қолди. Яна умид билан Урганч вокзалига отландим. У ерда «Чипта йўқ!» деган жавобни олгач, уч юз минг сўмнинг баҳридан ўтиб, шартта киракашлар машинасига ўтирганча бошкентга отландим. Бир сафар чўнтагим ўйилиб тушмас, уйга қайтишимда чипта топилиб қолса керак, деб ўйладим. Минг афсуски, Тошкентдан Хоразмга қайтишда ҳам шу муаммо. Темир йўл вокзали чиптахонасида «9 сентябргача чипталар сотиб бўлинган», деган жавобни эшитдик.

1 сентябрь арафасида Тошкентга икки марта бориб-келишга мажбур бўлдим. Дастлабки сафаримни якунлаб, эндигина уйга келиб, бир пиёла чой ичаётсам, яна пойтахтга чақириб қолишди. Ҳеч қандай баҳонага ўрин йўқ, боришим зарур. Яна киракашларни излашга тушдим…

Бу орада вокзал маъмурияти билан учрашиб муаммонинг туб сабаби нимада эканини суриштиришга ҳаракат қилдим. Талабалар ўқиш арафаси пойтахтга жўнашаётгани учун чипталар сотилиб кетганини айтишиб, муаммога изоҳ берди мутасаддилардан бири.

– Қўшимча вагон қўйиш мумкин-ку, ахир? – дейман саволомуз оҳангда.

– Индинга қўшимча вагон қўйилади деган гап бор, – дейди мутасадди…

Индинига ҳам ва ундан кейин ҳам ушбу муаммо куннинг оғриқ нуқтасидек бўртиб тураверди.

Куни кеча бир дўстимни кузатиб қўйиш мақсадида яна Урганч вокзалига доридим.

– 17 сентябргача чипталар сотиб бўлинган, – дейди чиптахона навбатчиси бўлган масъул қиз.

Чиптахонадан кайфиятимиз тирриқ бўлган ҳолда чиқарканмиз, қаршимиздан бир учар йигит чиқа солиб деди:

– Билет бор, ака, арзон 280 минг сўмга бераман.

Дўстим хизмат сафари билан келгани ва чиптани ишхонасига олиб бориб топшириши лозимлигини тушунтиргандек бўлди. Учар йигит эса бирпасда исм-фамилияларини қайд этиб беришини айтиб, ишонтириш учун қасам ичди.

Биз барибир унга ишонмадик. Чунки ҳамма жойда коррупцияга қарши кураш авж олган бир даврда чипталарнинг қора бозорга қандай чиққани шубҳа уйғотар эди. Дўстимни уч юз минг сўм тўлаб йўловчи енгил машинада пойтахтга кузатишга мажбур бўлдик.

Яқинда бир танишим Хоразмдан қўлдан чипта сотиб олиб, Тошкентга поездда тинч-эмин етиб олганини айтиб қолди. Ўйлаб ўйимга етолмадим. Қўлда сотилган чипта?..

Темир йўллари чипталари онлайн тарзда сотилишига ҳам эътибор қаратган эдик. Ҳамма чипталар сотиб бўлинганига гувоҳ бўлиб турган бир пайтимизда қўлдаги чипталар қаердан пайдо бўлмоқда? Адоқсиз саволлар!

Бу муаммолардан дили зада бўлган айрим танишларимнинг таъкидлашича, темир йўллари чипталари вокзал масъуллари томонидан қора бозорга чиқарилар экан. Исм-фамилиясиз чипталарга бирпасда паспорт бўйича қайдлар қай усулда ёзиб берилиши ҳам кишини шубҳалар остига етаклайди.

Дарҳақиқат, темир йўл вокзалларида учраётган бундай муаммолар фақатгина 1 сентябрь арафасида чумак отмайди. Балки 1 январь, 22 март саналарига яқин кунлар ва ундан сўнг ҳам давом этаверади. Бу муаммони ҳал қилиш наҳотки шунчалар мушкул бўлса?! Рейслар ёки вагонларни кўпайтириш билан аҳоли талабини қондириш наҳотки шунчалик қийин бўлса?!

Юртбошимиз давлат идолари ва ташкилотларини халқ манфаатларига хизмат қилишга даъват қилиб келмоқда. Таассуфки, бу даъват Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик компанияси мутасаддиларини уйғотмаганга ўхшайди.

Эрпўлат БАХТ

P.S.

Куни кеча Президентимиз раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу масалада ҳам бир қатор танқидий гаплар айтилди, темир йўл ва авиа қатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ҳ.Ҳосилов 3 ойда ўз тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирилди.