Куни кеча навбатдаги дарахткушлик Жиззах шаҳар Ўрда боғида рўй бергани, номаълум кишилар чинор дарахтларини бемалол кесишгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати расмий муносабат билан чиқди. Унга кўра, боғ ҳудудидаги 2 туп қуриган ҳолатдаги чинор дарахтлари Жиззах шаҳар боғларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш департаменти бригадири М. Х. исмли фуқаро томонидан ноқонуний равишда кесилганлиги маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси, 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жарима чораси белгиланган.
Бизга келган келган маълумотларга кўра, М. Х. Га нисбатан 1 500 000 (бир миллион беш юз минг) сўм миқдорида жарима тўлайди. Боғ ҳудудида яна шу каби 10 дан ортиқ дарахт қуригани ва яқин кунларда кесилиши кераклиги айтилмоқда. Агар ушбу тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалмаганида жарима ҳам белгиланмасдан ёпди-ёпди бўлиб кетарди…
Изоҳ сифатида қуриган дея таъкидланган чинорлар қуримаган эканлигини кўриш қийин эмас. Қўшимча сифатида айтадиган бўлсак дарахт кесишга мориторий ўрнатилганига 3 йил бўлди, бироқ ҳамон дарахт кесиш бўйича қонун бузилиш ҳолатлари камайган эмас. Ҳокимликлардан тортиб бошқа ташкилотларгача арзимас важлар билан дарахтларга қирғин келтириш эстафитаси давом этиб келмоқда. Экология қўмитаси эса ҳар доимгидек ғишт қолипдан кўчганидан сўнг хабар топади ва арзимас расмий муносабат билан қутилиб қолади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб дарахт кесишга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида фото ва видеоларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир бараварига (270 минг сўм) тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши назарда тутилган эди. Бу президентнинг 31 декабрдаги фармонида ўз аксини топган.
Давлат экология қўмитасига ИИВ ва Бош прокуратура билан биргаликда икки ойда давлат экологик назоратининг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.
Давлат экология қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва ИИВ билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар қуйидагилар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган «Яшил макон» платформасини ишга тушириши белгиланганди.
• ҳудудларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари, уларда мавжуд дарахтлар сони, тури ва жойлашуви, шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси;
• аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), маҳалла ва ер участкаси) кесимида аҳолининг шахсий ташаббуси асосида дарахтлар экилиши мумкин бўлган манзиллар ва дарахтларнинг турлари;
• аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар;
• аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва кўчириш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва улар бўйича кўрилган чоралар.
Платформага кириб кўрганимизда вилоятлар кесимида ишлар бинойидек кетаётган (албатта барчаси қоғозларда жойида, бироқ ҳеч қайси ҳудуднинг экологик ҳолати инобатга олинган ҳолда дарахт кўчатлари ўтқазилмаган. Ўтқазилган кўчатлар рақамда бўлгани билан уларнинг ривожланиши ва суғорилиши назоратга олинмаган) Тошкент шаҳри кўрсатгичи эса но эканлигини кўришимиз мумкин.
Экологик ҳолат ҳар ким ўзи сезиб турганидек кундан кунга ёмонлашиб бормоқда, Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари, кичик шаҳарчаларда аҳоли мунтазам аллергик касалликлар билан курашишга мажбур. Чанг бўронлари кунда кунора ҳамма ҳудудда юз беради. Шу каби муамммоларнинг орқаси кўринмайди. Экология қўмитаси масъуллари Президент олдида ҳисобот беришга яхши, жойларда ўрганиш ишларини олиб бормайди. Ҳокимликлардан ёки бошқа ташкилот амалдорларидан тили қисиқ жойи бордек уларнинг дарахт кесишларига тўсқинлик қила олмайди.
Ўрнида эслаб ўтишимиз керак бўлган, ишга тушганига роппа-роса бир йил бўлаётган ЭкоПатрулчиларимиз қаерда эканлиги ҳам бизга қизиқ. Уларга махсус автомашиналар топширилган, бир икки марта кўпқаватли уйнинг биқинида ёз офтобидан беркиниб машинада ухлаб ётган экополиция ходимларига кўзим тушганини айтмасам уларни ҳеч учратмаймиз. Нега энди улар иш вақти давомида ҳудудларни, асосан дарахт кесилиш хавфи остидаги ҳудудларни назоратга олишмайди? Ишламасдан туриб ойликни санаб олиш виждонларига тўғри келадими?
Уларнинг фарзандлари эртаси ҳақида, саломатлиги, яшаб турган ҳудуди, шаҳри келажаги ҳақида қайғуришга вақти йўқми???…