Янгиҳаёт туманида бир кунда учта ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди

Бугун Янгиҳаёт туманида ижтимоий соҳа объектларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман матбуот хизмати хабар бермоқда.

Очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими сўзга чиқиб, туман аҳлини янги биноларнинг очилиши билан табриклади. Бугун “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги 0,14 га бўш турган ер майдонида тез тиббий ёрдам станцияси биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Замонавий лойиҳа асосида қурилган туман тез тиббий ёрдам станцияси тезкор интернет, телефон ва радиоалоқа тизимлари билан таъминланди. Шунингдек, тумандаги муаммоларни ўрганиш жараёнида аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, туманга ажратилган 1 млрд сўм маблағ эвазига тез тиббий ёрдам келишида муаммо бўлган ҳудудларга 2 та “Volkswagen” тез тиббий ёрдам машинаси харид қилинди ва уларга GPS-тизими ўрнатилди.



Шу билан бирга, Янгиҳаёт туман ҳокимлиги томонидан 2 та замонавий ДМТТ нинг ҳам очилиш маросими бўлиб ўтди. “Орият” маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 720 нафар тарбияланувчиларни қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, шаҳар миқёсида энг катта сиғимга эга бўлган МТТ ҳисобланади.

“Янги Чоштепа” маҳалла аҳли учун ҳам бугун ҳақиқий байрам. Бу ерда ҳам замонавий, шаҳарда илк маротаба айлана шаклга эга бўлган ноодатий мактабгача таълим ташкилоти очилди. Ушбу ДМТТга 380 нафар тарбияланувчиларни қабул қилиш кўзда тутилган.