Дарахтлар кесилиб, ўрнига кўпқаватли уй қурилган. Экоқўмитадагилар уйғоқми?

Тошкентнинг Яккасарой туманида Бўрижар канали ёнида жуда кўп миқдордаги катта дарахтлар, кенг миқёсдаги яшил ҳудуд бутунлай йўқотилиб, ўрнига кўп қаватли уй қурилаётгани айтилмоқда.

“Murad Buildings” номи билан танилган Мурод Назаров қураётган ушбу бетон уй, ҳазилми ёки чинми “Кислород” деб аталаши, яшил ҳудудлар камайиб кетаётганидан “дод” деяётган аҳолининг устидан очиқчасига кулиш аслида.

Қанчалик айтилмасин, гапирилмасин, ваъдалар берилмасин, барибир дарахтлар кесилмоқда, ҳали-бери тўхтайдиганга ҳам ўхшамаяпти. Эълон қилинган мораторий ҳам бундай “эркатой” тадбиркорлар учун бир тийин бўлиб қолмоқда.

Шаҳар харитасининг олдинги ва бугунги суратларидан кўриниб турибдики, бу ерда озмунча дарахт кесилмаган. Энг ачинарлиси, бу ҳақда ҳеч ким, Экоқўмита у ёқда турсин, жамоатчилик ҳам билмаган. Экопатрул эса доимгидек уйқуда. Ёки билганлар ҳам кўзини ёпиб турган.

Бу каби ҳолатлар Тошкент шаҳрининг ҳар ерида авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун Миллий боғ ҳудудида жойлашган сунъий кўл ўрнида Миллий драма театри қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳам бунга яққол исбот қилиб кўрсатиш мумкин. Тошкент шаҳри қурилишдан ортмай қолди. Қаерда бўш жойга ўхшаб кўринган ер борки кўз остига олинади, кўп ўтмасдан ўралиб, ўша ерда қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Бу каби қур-қурлар фақат ва фақат халқ учун зарарга ишлайди холос. Қурганлар ва қуришга буйруқ берганлар ўз пулларини олиб чет элда шинам, дарахт ва буталар билан ўралган ерлардан уй   олиб қўйган бўлса ажаб эмас. Ойлигига зўрға яшаётган халқ нима қилсин?

Аввалроқ Тошкент шаҳри Учтепа туманида қурувчи ташкилот томонидан 42 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Чилонзор туманида жойлашган Чилонзор кўчасидаги “Dream House Stroy” компаниясига ажратилган ва метал девор билан ўраб олинган 0,2 гектар майдонда бир кечанинг ўзида 58 та дарахт кесиб ташланди.

Алқисса бу каби ҳолатларга кўп ва хўп мисол келтириб ўтиш мумкин. Пойтахтдан бошланган бу кес-кеслар олис ҳудудлардаги қишлоқлардан торти, қўриқхона ҳудудларигача учраб турибди. Хўш, буларнинг ортида қайси валломат турибди? У кимга ишонадики, Президент томонидан ўрнатилган мароторийга қарши иш қила олади? Унинг нимаси борки ҳеч бир идора унга қарши иш очмайди ва буни барча идоралар ёпди ёпди қилиб юборади.

Яқинда аҳоли эътиборига ҳавола этилган Сардор Умурзоқовнинг аудиоси хаёлимизда айланади. Нега энди Администрация раҳбари бу каби валломатларни ҳам мансабидан олиб ташламайди, нега Президентга улар ҳақида маълумот киритмайди. Саволлар бисёр…