ЖССТ: Пандемия тугаши учун дунё аҳолисининг камида 70 фоизи эмланиши керак

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус кейинги ойларда дунёда коронавирусга чалиниш ва ундан ўлим кўрсаткичлари пасайгани хотиржамлик учун асос бўлмаслигини таъкидлади.

“Биз ташкилотга аъзо барча мамлакатларда COVID-19га қарши эмлаш даражасини 70 фоизга етказишни мақсад қилганмиз, — дейди у. — Шу кўрсаткичга эришмагунимизча, барча аҳоли қатлами, айниқса тиббиёт ходимлари ва катта ёшли инсонларни вакцина олишга чақиришдан тўхтамаймиз”.

ЖССТ раҳбарининг қўшимча қилишича, аввал коронавирус пандемияси якунига бу қадар яқин келмагандик. Ҳозир туннель охиридамиз. Узоқроқда ёруғлик кўрина бошлаган. Аммо ҳали ташқарига чиқиб улгурганимиз йўқ. Агар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмасак, йўлнинг қолган қисмида кўплаб тўсиқларга дуч келишимиз мумкин.

Таҳлилларга кўра, бугунгача жаҳон бўйича COVID-19га чалинганларнинг умумий сони 619 миллион нафарга яқинлашган. Улардан 6,5 миллион нафардан зиёди хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.