Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди

Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлардан келиб чиқиб, йиғилиш якунида Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди.

Жумладан:

  • икки ой муддатда 300 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш, келгуси йил 1 мартга қадар бундай тиббиёт пунктларини оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада ҳам барпо этиш;
  • 30 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларини ташкил этиб, уларни жиҳозлаш, келгуси йилда яна қўшимча 140 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларини ташкил этиш;
  • икки ой муддатда оналар ва болалар саломатлиги бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, унда туғруқ бўлимларининг моддий-техник базасини яхшилаш, туғруқ ўринларини босқичма-босқич кўпайтириш, болаларда туғма нуқсонларни олдини олиш ва эрта аниқлаш, махсус дори воситалари билан таъминлаш, Акушерлик-гинекология, Скрининг ва Репродуктив саломатлик марказларининг ягона вертикал тизимини яратишни назарда тутиш;
  • хорижий ишлаб чиқарувчилар билан музокара ўтказиб, 640 та тез ёрдам машинасини харид қилиш;
  • икки ой муддатда барча ихтисослашган марказларда камида 10 тадан янги юқори технологик даволаш усулларини жорий қилиш бўйича дастурни қабул қилиш;
  • икки ой муддатда тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, унда 1 минг 117 та тиббиёт муассасини қуриш ва капитал таъмирлаш, 668 тасининг ичимлик суви, иссиқлик тизими ва электр таъминотини яхшилаш, 1 минг 870 тасига 38 мингта янги тиббий жиҳозлар етказиб беришни назарда тутиш топширилди.

Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини ошириш, умуман, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлашга топшириқ берилди.