Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексида 140 та давлат орасида 78-ўринни эгаллади

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ҳуқуқ устуворлиги индексининг (Rule of Law Index) навбатдаги натижалари эълон қилинди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, Ўзбекистон умумий рўйхатда Сербия, Албания, Хитой, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Туркия ва бошқа давлатларни ортда қолдириб, 140 та давлат орасида 78-ўринни эгаллаган. Индексни тузишда дунёнинг 140 та давлатидан 150 мингдан ортиқ уй хўжалиги ва 4000 га яқин ҳуқуқшунослар ўртасида сўровлар ўтказилди, қонунийлик даражаси баҳоланди.

Ҳуқуқ устуворлиги индекси ҳар йили World Justice Project халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилади ва 8 та индикаторни, хусусан, «Ҳокимият ваколатларининг чекланганлиги», «Коррупциядан холилик», «Давлат институтлари фаолиятининг очиқлиги (шаффофлиги)”, «Асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш», «Тартиб ва хавфсизлик», «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш», «Фуқаролик ва жиноий одил судлов» каби индикаторларни ўз ичига олади.

2022 йилда ҳуқуқ устуворлиги фақатгина 54 та давлатда яхшиланди, 85 тасида ёмонлашди ва 1 та давлатда ўзгаришсиз қолди. Ушбу индексда Ўзбекистон ҳуқуқ устуворлиги билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатлар қаторига киритилди.

«Мазкур индексда Ўзбекистонга берилган баҳо мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятда ижобий имижини шакллантиришда муҳим омил ҳисобланади. Жорий йилда Ўзбекистоннинг барча саккизта индикатор бўйича кўрсаткичларида яхшиланиш кузатилди», — дейилади хабарда.