Нукус туманини ривожлантиришга ёрдам бериш вазифаси Самарқанд вилояти ҳокимлигига юклатилган. Ҳокимлик делегациясининг туманга ташрифи вақтида уларнинг бир маҳал кечки овқати, саҳна безаклари ва бошқа харажатлар учун Қорақалпоғистон ҳукумати бюджетдан 87 907 898 сўм сарфлади.
2022 йил бошидан йўлга қўйилган амалиётга кўра, Қорақалпоғистоннинг туман-шаҳарларига Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларига бириктириб берилган. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга Нукус туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ёрдам бериш вазифаси юклатилган.
Турдимов бошчилигидаги Самарқанд вилояти делегацияси 16 октябр куни Нукус туманида бўлиб, президент ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси ва самарқандликлар томонидан Нукус туманида қилинган ишлар билан танишди.
Эътиборлиси, бу ташриф доирасидаги расмий тадбир ва меҳмонларнинг овқатланиши учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши 87 миллион 907 минг 898 сўм ажратган. Бу ҳақда 2 ноябр куни кенгаш раиси Қаҳрамон Сариевнинг фармойиши қабул қилинган.
Фармойишга Нукус тумани ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Молия вазирлигининг хатлари асос бўлгани айтилади. Ҳужжатда делегациянинг кечки овқати учун сарфланган қарийб 88 млн сўм Вазирлар Кенгашининг захира фонди ҳисобидан Нукус тумани ҳокимлиги ҳисобига ўтказиб берилиши таъкидланади.
Вазирлар Кенгашидан Kun.uz’га маълум қилинишича, юқоридаги қарорда сумма умумий қилиб ёзилган бўлиб, унинг негизида меҳмонларнинг овқатланиш учун 42 млн 570 минг сўм, саҳна безаклари учун 19 млн 337 минг сўм, LED-экранлар учун 12 млн сўм, транспорт воситалари учун 14 млн сўм ажратилган.
Ташриф тафсилотлари
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, Нукус туманини 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, янги корхоналарни ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш, бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама ривожлантириш учун Самарқанд вилояти томонидан 898,5 миллиард сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Эркинжон Турдимовнинг Қорақалпоғистонга 16 октябрдаги ташрифи чоғида Нукус туманида илк объект – қиймати 7,2 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 6,5 гектар майдонда бунёд этилган “Хотира майдони” фойдаланишга топширилган.
Шунингдек, ўша куни 52 миллиард сўмлик лойиҳа асосида барпо этилган “Деҳқон бозори” ҳам расман иш бошлаган. Бозорда 115 та дўкон ва 500 та савдо растаси бор.
Самарқандлик тадбиркорлар томонидан Нукус туманида 12,0 миллиард сўм маблағ сарфланиб қурилган Имом Эшон масжиди ҳам 16 октябр куни фойдаланишга топширилган.
Бундан ташқари, самарқандлик тадбиркорлар томонидан “Оқманғит” шаҳарча фуқаролар йиғини биноси ва оқманғитлик ёшлар учун Ахборот кутубхона маркази қуриб берилган.
Эркинжон Турдимов 17 октябрь куни Самарқандга қайтиб келган ва халқ депутатлари Нуробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган.