Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро О.А. (муқаддам судланган) фуқаро Ч.Б.нинг ишончига кириб, Бухоро туман “Боғидашт” МФЙ ҳудудидан унинг синглиси номига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида ажратилган 7 сотих ер майдонини 105 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 000 АҚШ доллари ва 200 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Ж. фуқаро М.А.га танишлари орқали Кўкдала тумани “Аннаруз” МФЙ ҳудудида жойлашган 60 сотих захирадаги ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 150 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
А.Ж.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, бошқа бир фуқаро М.Б. фуқаро А.Ж.дан 60 сотих захирадаги ер майдонини М.А.нинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 130 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.