Қоғозда бор, амалда йўқ қонунлардан азият чекаётганлар

Ўзбекистонда ногиронлар сони 760 минг нафарга яқин. Тошкент шаҳрининг ўзида расман 45 минг нафар имконияти чекланган инсон бор, норасман эса уларнинг сони 70 мингдан кўпроқ. Лекин кўчаларда имконияти чекланган инсонларни деярли учратмаймиз. Гўёки улар уйга “қамалиб олган”. Аслида эса кўчада ҳаракатланиш учун уларга етарлича шароит яратилмаган, оддий дорихонага ҳам киролмайди.

Сўнги йилларда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиниб, халқаро конвенсия ратификация қилинган бўлишига қарамай, улар учун инклюзив шароитлар яратилмаяпти. Чунки Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга доир қонун нормаларининг 90 фоизи амалда ишламайди. Масалан, қонунчиликка кўра, шаҳарларни, бошқа аҳоли пунктларини, турар жой ва рекреасия зоналарини, умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштирмасдан қуришга ёки ишлаб чиқишга йўл қўйилмайди. Аммо пойтахтдаги ижтимоий инфратузилма обектлари ва биноларнинг 85 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун мослашмаган.

Масалан, ерусти ўтиш йўлларини олайлик. Пойтахтдаги деярли барча йўл ўтказгичлар деярли стандартларга мос равишда қурилган, унга зиналар ва пандуслар ўрнатилган. Аммо афсуски, аравачада ҳаракатланадиган инсоннинг чиқиши учун қулай эмас. Айрим ерусти ўтиш йўлларида (Себзор ва А.Қодирий кўчалари кесишмасида) лойиҳалаштириш жараёнида лифтлар кўзда тутилган бўлса-да, амалда мавжуд эмас. Шунингдек, мазкур жойнинг бир томонидаги эскалатор бир неча ойдан буён ишламайди, иккинчиси эса гоҳ ишлаб, гоҳ ишламайди. Афсуски, бу ҳолат фақат мазкур манзилда эмас, бошқаларида ҳам тез-тез кузатилади. Энг гавжум чорраҳалардан бўлган, «Миллий» стадиони ва «Ғафур Ғулом» боғи ёнидаги пиёдалар йўл ўтказгичига ўрнатилган, пиёдаларга қулайлик яратилиши мақсад қилинган лифт ва эскалатордан фойдаланиш имконсиз. Ваҳоланки, лифтга кириш эшигига ногирон фуқаролар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ёрлиқ ёпиштирилган. Қолаверса, аксарият пандусларнинг усти ёпилмаган, ногиронлар қор ёки ёмғирда ундан чиқолмайди, сирпанчиқ бўлиб қолади. Ногирон инсон бу пандусга чиққандан кўра, йўлни кесиб ўтишни маъқул кўради.

Аммо, лекин, бироқ…Пиёдалар йўлакчаларида ҳам аҳвол қониқарли эмас. Жамоат жойларида ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотлари йўқ. Бирорта пиёдалар йўлакчаси техник мосламалар, яъни кўзи ожиз шахслар учун овозли ишора билан жиҳозланган светофор мавжуд эмас, релеф нуқтали Брайл шрифтида тайёрланган кўрсаткич ва белгилар ҳам йўқ. Тўрт мучаси соғ одам ҳам ўпкасини қўлтиқлаб олган ҳайдовчилардан ҳайиқиб, йўлакчалардан юриб эмас, югуриб ўтаётган бир пайтда имконияти чекланган инсонларнинг бу йўлларда ҳаракатланишини тасаввур қилаверинг…

Ерости йўлларида ҳам шароит яратилмагани яққол аён. Аксарият ерости йўлларида швеллердан ясалган пандуслар ногиронлик аравачасининг ғилдираклари сиғадиган даражада ўрнатилмаган. Ногиронлик аравачалари ғилдираклари мазкур пандусларга сиғмайди, бу эса ҳаракатланиш имконини бермайди.Овқатланиш марказлари, дорихона, кутубхоналарда, жамоат ҳожатхоналаридаги баланд остона, тор эшиклар (70 см) аравачалардан фойдаланувчи имконияти чекланган инсонлар учун улардан фойдаланиш имконини бермаяпти.

Ҳожатхоналардаги қўл ювиш раковиналарининг баландлиги, ушлагичларнинг мавжуд эмаслиги эса навбатдаги камчиликлардан.
Шунингдек, ногиронлик аравачасидан фойдаланувчилар ҳеч қачон манзилига жамоат транспортларида ета олмайди. Маълум қилинишича, ногиронлиги бўлган шахсларнинг 93 фоизи ерусти жамоат транспортини тўсиқсизлик нуқтайи назаридан қониқарсиз деб баҳоланган. Қимматбаҳо Мерcедес автобуслари на пандус туширади, на кондуктор тушиб имконияти чекланган йўловчига ёрдам берди.

Метролардаги аҳвол ҳам наридан бери. Бекатларнинг аксарияти пандуслар билан жиҳозланмаган. “Қўйлиқ бозорида жойлашган 7-бекатда пандус қиялиги 45 градусни ташкил этмоқда (амалда 8 градус бўлиши керак). Вагон ва перрон орасидаги бўшлиқ аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлар учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, метронинг эски йўлларидаги стансиялар кўзи ожиз шахслар учун тактил қопламаларга эга эмас. Янги вагонларни инобатга олмаганда метрополитен поездларида қулоғи оғир инсонлар учун ахборот маълумотлар кўрсатувчи электрон таблолар мавжуд эмас.Бу биз эътибор берган ҳолатлар холос, назаримиздан қолганлари эса нечта.

Сўнги йилларда ногиронлиги бор шахслар учун олий таълим муассасаларида квоталар оширилмоқда, уларнинг бандлигини таъминлаш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Аммо улар ўқишга, ишга бориб келиши учун ҳам мана шу пиёдалар йўлакчасидан, жамоат транспортларидан фойдаланиши инобатга олинмаяпти. Қулай инфратузилма ва шарт-шароитлар йўқлиги, жамиятдаги кўпчилик ногиронлиги бўлган шахсларнинг имкониятлари чекланишига олиб келади ва ушбу инсонларни жамият ҳаётида барча билан тенг равишда тўлақонли ва самарали иштирок этишларига йўл қўймайди. Қисқача айтганда, аслида, имкониятлар чекланиши турли хил нуқсонлар туфайли эмас, балки кўпроқ жамиятимизда тўсиқлар борлиги туфайли рўй беради.

Шаҳруза Сатторова