«Туркистон» хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олингани сабабли банк омонатчиларнинг маблағларини муддатидан аввал қайтаришини маълум қилди. 21 ноябрдан бошлаб «Туркистонбанк» омонатчилари бўлган жисмоний шахслар омонатга жойлаштирган маблағлари юзасидан агент-банк сифатида танланган «Қишлоқ қурилиш банк»ка мурожаат этишлари мумкин.
Бироқ банкка депозит қўйган юридик шахсларнинг маблағлари қачон қайтарилиши ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Бу борада Марказий Банк ҳам, «Туркистонбанк»ни тугатиш комиссияси ҳам бирор аниқ маълумот бермаяпти.
Бунга аниқлик киритиш мақсадида бир неча масъулларга мурожаат қилганимизда улар аниқ бир жавоб айта олмаслигини маълум қилди. Марказий банк матбуот хизмати раҳбари Акмал Назаров «олдин жисмоний шахсларнинг омонатлари қайтариб олиниши керак. Банкда ташкил этилган Ликвидация комиссиясига мурожаат қилиб қўйиш керак», дея жавоб берди.
Бизга келган маълумотларга кўра 1 млрд.дан 15-20 млрд.сўмгача бўлган маблағларини ушбу банкка жойлаштирган юридик шахслар, жумладан тадбиркорлик субъектлари бор. Негадир фақат аҳоли омонатлари қайтарилиши ҳақида бот-бот айтиляптию, аммо тадбиркорлик субъектларининг депозитини қайтариш ҳақида жўяли гап йўқ. Аслида омонатга қўйилган маблағ бир хил статусга эга эмасми? Омонатга маблағ қўйилгандан кейин — у жисмоний шахсники бўладими, юридик шахсники бўладими, бир хил қаралиши зарур эмасми?
Хуллас, шу вақтгача «Туркистонбанк»нинг аҳволи ҳақида мижозларга лом-мим демасдан, нобaрқарор ишлаётгани тўғрисида банкни ўзини эмас, мижозларини огоҳлантиришни «унутган» ва қўққисдан лицензияни чақириб олган Марказий банкдан бу борада аниқроқ муносабат кутиб қоламиз.