Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида аёл қайнонасига аччиқ қилиб, 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан ўзини каналга ташлагани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Аниқланишича, 1 ноябрь куни Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл А.Қ. қайнонаси С.Қ. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида вояга етмаган 3 нафар фарзанди билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.
Шундан сўнг, 3 ноябрь куни А.Қ. вояга етмаган қизини онасининг уйидан, ўғилларини мактабгача таълим муассасасидан олиб чиқиб, Самарқанд тумани «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дарғом» каналининг олдига келиб, ўзи ва фарзандларини ўлдириш мақсадида сувга ташлаб юборган вақтида «Оқ-амур» номли ошхонада ёлланма ишчи бўлиб ишловчи фуқаролар томонидан А.Қ. ҳамда унинг 2 нафар фарзанди сувдан чиқариб олинган, бироқ бир нафар фарзанди воқеа жойида вафот этган.
13 ноябрь куни унинг мурдаси «Дарғом» каналининг қирғоғидан топилган.
Самарқанд вилояти ИИБнинг 18 ноябрь куни берган хабарида аёлнинг икки нафар фарзанди вафот этгани айтилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.