Ижтимоий тармоқларда блогер ва фойдаланувчилар совуқ об-ҳавода мактаб ўқувчиларига навбатдан ташқари таътил бериш кераклиги бўйича таклифлар билан чиқмоқда. Бу борада Халқ таълими вазирлиги махсус чоралар кўришни мўлжаллаяптими? Бу саволларга вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова жавоб берди.
“Вазирлигимиз мутасаддилари ижтимоий тармоқлардаги таклифларни диққат билан кузатиб боради. Навбатдан ташқари қишки таътил ҳақидаги таклифлардан хабаримиз бор. Бироқ айни пайтда таълим жараёнини тўхтатиш, таътиллар муддатларини ўзгартириш режа қилинмаяпти. Барчаси белгиланган дастур асосида давом эттирилади. Иккинчи чорак якуни ва янги йил байрами таътили ҳам белгиланган муддатда берилади”, дейди Лайло Рустамова.
Унга кўра, мактаблардаги ҳолат мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудудда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича штаблар ташкил қилинган. Иситиш тизими носоз ёки аварияга учраган ҳолатларда камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
Тошкентда мактабларни иситиш тизими яхши ишлагани билан вилоятларда буни амалга ошириш бироз мушкуллиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, республиканинг чекка ҳудудларида бу билан боғлиқ муаммо ёки шикоятлар кузатилмаяптими? Бу саволга матбуот котиби шундай жавоб берди:
“Йўқ, муаммо юзага келган тақдирда жойларда ташкил қилинган штаблар томонидан бартараф этилиш чоралари кўрилади. Ҳозирча Жамоатчилик билан алоқалар масъулларига шикоят келмади, келиб тушган тақдирда тезкор бартараф этиш чораси кўрилади”.