Бугун 350 триллионлик қонун “ура-ура”лар ва қарсакбозлик билан тасдиқланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2023-йил учун давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг навбатдаги муҳокамаси бўлиб ўтди. Президент мурожаатномаси ҳақидаги фикрлар билан бир ярим соат давом этган 2023-йил учун 343 триллионлик “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун 121 нафар депутатлар томонидан бир овозда маъқулланди. Эътироз билдирувчи ёки бетараф қолган депутатлар эса бўлмади. 1 нафар депутат эса овоз бермади.
Аксарият жамиятларда халқ сайлаган вакиллар ўз сайловчиларининг қанча миқдорда ва қандай тартибда солиққа тортилиши, шунингдек, бу солиқлар қандай ва қаерга сарфланишини ҳал қилади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Солиқлар ва бошқа тўловларни жорий қилиш парламент мавжудлигининг энг муҳим сабаби сифатида Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган: 78-моддага кўра, бу Олий Мажлиснинг мутлақ ваколати ҳисобланади. Депутатлар, “бюджетни тасдиқлаш” деб юритилувчи процедура доирасида, солиқ тўловчиларнинг пулларини қай тарзда ва қаерга сарфлаш юзасидан қарор қабул қилар эканлар, парламент ҳукумат зиммасига бюджетни қонун доирасида ижро этиш мажбуриятини юклайди.
Пулни қаерга сарфлаш — бу жуда нозик мавзу, барча фуқароларнинг пулларини қаерга сарф қилиш эса ундан ҳам нозикроқ масала. Жамият ўз вакилларини сайлаш орқали пул маблағларини истироҳат боғлари ва мактаблар қурилиши ўртасида қандай тақсимланишини ҳал қилади. Аммо бюджет тақчиллиги ортиб бораётган бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётида харажатлар нисбатини тўғри йўналтириш ҳақида ҳеч ким бош қотираётгани йўқ. Асоссиз ва самарасиз тикилган пуллар эса бюджет тақчиллигига олиб келмоқда.
Бу галги мажлисда ҳам депутатлар, доимгидек бюджет бу барча фуқароларнинг тақдирига оид бўлган энг катта ҳужжат эканини унутиб қўйди, мажлисда мамлакат бюджети, қонундаги моддалар ҳақида айтарли муҳокама бўлмади. Аксинча, давлат бюджети тақсимоти масаласида йиғилганлар депутатлардан бириннг туғилган куни билан ҳамда энергетика вазирлиги вакилларини энергетиклар куни билан табриклади. Давлат бюджети қонунининг 1-ўқишида турли эътирозларга сабаб бўлган масалалар бўйича эса ҳеч қандай изоҳ берилмади.
Масалан, қонуннинг биринчи ўқиш муҳокамаларида ЎзЛиДЕП депутати Дониёр Ғаниев ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ўртасида тортишув юзага келган эди. Унда Ғаниев УзАутоМоторсъга автомобил экспорт қилинган мамлакатлардаги тарифлар бўйича ҳисобланган утилизасия йиғимларини қоплаб бериш учун қўшимча 225 млрд сўм ажратилаётганига эътироз билдирганди.
“Бошқа соҳалардаги харажатларни қисқартираётган пайтимизда, тўғридан тўғри монопол корхонанининг хориждаги мижози сотиб оладиган машинаси нархининг арзон бўлиши учун 225 млрд яна қўшимча субсидия беришимиз қанчалик мантиққа тўғри келади?” дея ўшанда Молия вазири Тимур Ишметовга юзланганди Ғаниев.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов эса депутат масалани нотўғри тушунаётганини айтиб, навбатдаги учрашувда қўшимча маълумот беришни ваъда қилиб, тортишувга якун ясаганди. Ўшанда бюджет тақсимотидаги бу ҳолатга депутат Расул Кушербоев ва Дониёр Ғаниевдан бошқа ҳеч бир депутат эътироз билдира олмаган эди. Бугунги мажлисда эса уларнинг иккаласи ҳам кўриниш бермади.
Президент Олий Мажлисга мурожаатида вазирлик ва идоралар қисқаради деб айтган эди. Аммо бюджетдан ажратилган пуллар бу ҳақида бошқача хулоса бермоқда. Ёки айрим соҳаларга ўтган йилга қараганда сезиларли кўп пул ажратилган, бунинг сабаби нима ? Албатта бу саволлар ижтимоий тармоқларда эмас, йиғилишда депутатлар томонидан муҳокама қилиниши керак эди. Бироқ бизнинг депутатлар ё соқов, ё қарсак чалишдан бошқасини билмайди.