Қозоғистон Сенати бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони давом эттириши учун ўтказиш тўғрисида”ги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Қозоғистон Сенатининг расмий вебсайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мазкур шартнома икки давлат маҳкумларига қамоқ жазоларини ўз ватанларида ўташ имконини беради.
Шартнома қоидаларига мувофиқ, томонлар маҳкумларни бошқа жойга ўтказишда максимал даражада ҳамкорлик қилиш мажбуриятини оладилар, бу эса жазонинг янада самарали ижро этилишига ва маҳкумларнинг кейинчалик ижтимоийлашувига ёрдам беради. Шунингдек, маҳкумни бошқа давлатга ўтказиш учун унинг розилигини олиш керак бўлади. Агар бу миллий қонунчиликка ёки мамлакат хавфсизлигига зид бўлса, маҳкумлар экстрадиция қилинмайди.
Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакат колонияларида 500 га яқин Ўзбекистон фуқароси жазони ўтамоқда. Ўзбекистонда эса 20 нафар қозоғистонлик жазони ўтамоқда. Шартнома парламент томонидан ратификация қилингандан сўнг имзолаш учун Қозоғистон Президентига юборилади.