Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Ли Цянни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг янги раҳбари этиб сайлади, дея хабар бермоқда “Sinhua” ахборот агентлиги. Бунгача амалдор 2017 йилдан буён Хитой Коммунистик партияси Шанхай шаҳар қўмитаси котиби лавозимида ишлаб келган. Ли Цяннинг Хитой ҳукумати раҳбари лавозимига номзодини партия раҳбари Си Цзиньпин шахсан таклиф қилган.
Овоз беришдан сўнг Бош Ассамблея Ли Цянни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши бош вазири этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар беради Sinhua.
Давлат кенгаши раҳбари Ли Кетсян ваколат муддати тугаши муносабати билан ўз лавозимини тарк этди. У Хитой ҳукуматини 2013 йилдан 2023 йилгача кетма-кет икки муддат бошқарган. Хитой қонунчилигига кўра, ҳукумат раҳбари лавозимида кўпроқ қолиш мумкин эмас.
Си Цзиньпин аллақачон Ли Цянни Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши раҳбари лавозимига тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.