“Толибон” ҳаракати етакчиси Ҳайбатулла Охундзода амалдорлар қариндошларини давлат лавозимига ишга олишини тақиқловчи фармон чиқарди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълум қилинишича, Охундзода барча амалдорларга ўғиллари ва маъмуриятда ишлаётган бошқа қариндошларини ишдан бўшатишни буюрган.
“Вазирлик, идора ва мустақил идораларнинг барча мансабдор шахсларига оила аъзолари ёки қариндошларини давлат лавозимига тайинлашига йўл қўймаслик топширилди”, — дейилади қарорда.
Охундзода фармонида “Толибон” амалдорларига бўшатилган лавозимларни зудлик билан уларнинг ўғиллари, оила аъзолари ёки қариндошлари бўлмаган шахслар билан тўлдириш буюрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда молия вазири ва “Толибон” етакчиси ўртасида зиддият юзага келганди. Молия вазири Ҳидоятуллоҳ Бадрий Охундзоданинг ҳаракатларини очиқдан очиқ танқид қилган. У ўз сўзларини истеъфога чиқишга тайёрлиги билан тасдиқлаганди.