Аёлларнинг ҳар учинчиси турмуш ўртоғи томонидан ўзига нисбатан зўравонлик содир этилган деб билади — Сўровнома

183 нафар сўров ўтказилган аёлнинг ҳар учинчиси шундай жавоб берган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриева маълум қилди.

Маълум қилинишича, мазкур тадқиқот 2022 йилнинг декабрь 2023 йилнинг январь ойларида республиканинг 7 ҳудудий бирлиги: Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида тазйиқ ва зўравонликка дуч келган 183 нафар хотин-қизлар орасида ўтказилди.

Тадқиқот иши доирасида 2022 йил давомида содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари таҳлил қилинди, жабрланганлар ва соҳа мутахассислари ўртасида социологик сўровлар ўтказилди, шунингдек соҳага масъул бўлган ташкилот ва идоралар фаолияти ҳамда Япония, Цингапур, Швейцария, Австралия, Канада, Аргентина каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Ўтказилган сўров натижаларига кўра:

– 53% респондент ҳасад қилиш, шахсий ҳаётга аралашиш, рашк қилишни тазйиқ ва зўравонлик деб ҳисоблашади;

– ҳар учинчи респондент (33,3%) менга нисбатан турмуш ўртоғим зўравонлик содир этган, деган фикрни билдиришган, 26,2 фоизи эса қайнонаси зўравонлик содир қилишини маълум қилишган;

– ҳар тўртинчи (26,7%) респондент уларга Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази томонидан психологик ёрдам кўрсатилганлигини таъкидлашган;

– ҳар бешинчи (21,6%) сўров иштирокчиси агарда унга нисбатан зўравонлик ҳолати содир этилса, дастлаб маҳалла ходимларига мурожаат қилишини маълум қилган;

– респондентларнинг аксарият қисми (42,5%) тазйиқ ва зўравонлик бўйича керакли жойга мурожаат қилгандан кейин турмуш ўртоғининг муносабати ижобий томонга ўзгарганлигини қайд этишган;

– ҳар учинчи (31%) респондент профилактик оилавий суҳбатлар ташкил қилиш орқали оилавий зўравонликни олдини олишнинг энг самарали чораси деб ҳисоблайди.

-ҳар тўртинчи иштирокчи (26,2%) эса таълим муассасаларида махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва таълимга жорий қилиш мақсадга мувофиқ деган жавобни билдиришган.