“Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” таъсис этилади. Бу бўйича кеча, 7 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 1 июлидан “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг стипендияси” жорий этилади. Бунда:
стипендия миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари этиб белгиланади;
мазкур стипендия тайинланган спортчиларга Президентнинг тегишли қарорида белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, спортчи идентификация карталари учун тўловлар миқдори уч баробарга камайтирилиб, улардан фойдаланиш муддати 5 йил этиб белгиланади.
Бундан ташқари, қарорга кўра, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, олимпия ва паралимпия спорт турлари (ёш тоифалари) бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар, шунингдек, уларни тайёрлаган тренерларни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш миқдорлари тасдиқланди.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларга Президент Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб бўлган тиббиёт муассасаларида умрбод бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.