Тошкент вилоятида 13 ёшли қиз Миллий гвардия ходими томонидан бир неча йил аввал зўрлангани айтилмоқда. Бу ҳақда “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси хабар берди.
Билдирилишича, қизни зўрлаган вақтда эркак Миллий гвардия ходими бўлмаган. Жабрланган қиз ота-онаси билан Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилган. 2019 йилнинг ёзида эса бувисининг уйига, Тошкент вилояти Қибрай туманига келган. Қизнинг айтишича, воқеа содир бўлган куни дугонаси билан бирга бўлган. Уйига қайтаётганида уни бувисининг қўшниси Ш.Ш. куч ишлатиб, бир бинога олиб кирган ва ўша ерда қизни зўрлаган.
“Мен ёрдам чақириш учун бақирдим, лекин кўчада ҳеч ким йўқ эди. У мени куч билан судраб қўшимча иморатга олиб кирди ва сўрига ташлади. Шундан сўнг у бир қўли билан икки қўлимдан ушлаб, иккинчи қўли билан кийимимни ечди… Сўнг, менга кийинишимни буюрди ва ҳеч кимга айтмаслигимни тайинлади, акс ҳолда мени ўлдириш билан қўрқитди”, дея қизнинг гапларини келтиради Nemolchi.uz.
Бу воқеа содир бўлган вақтда қиз 13, эркак эса 27 ёшда бўлгани айтилган.
Қиз узоқ вақтга қадар таҳдидлардан қўрқиб бўлган воқеани ҳеч кимга айтмаган. Бу ҳақда фақат дугонасига сўзлаб берган. Ота-онаси билан АҚШга кўчиб кетгач, кучли стрессни бошдан кечирган ва ҳатто ўзини ўлдириш ҳақида ҳам ўйлаган. Шундан сўнг психолог қабулига қатнаган, сеанслардан бирида унга Қибрайда содир бўлган воқеани сўзлаб берган. Ота-онаси ҳам бундан хабар топиб, Шариповни жавобгарликка тортиш учун 2022 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрига етиб келган. Бу вақтга келиб Шарипов 2020 йилнинг февраль ойидан буён Миллий гвардияда хизмат қилаётган эди.
Жабрланувчининг отаси унинг уйига бориб, қилган ишидан хабари борлигини айтганда Шарипов, аввалига, ундан йиғлаб кечирим сўрайди ва ҳеч кимга айтмасликларини илтимос қилади. Бироқ эртаси куни улар ҳеч нарсани исботлай олмасликларини айтиб, жанжал кўтаради. Шарипов уч йил ўтгани ва қизнинг оиласи мазкур воқеани моддий манфаат учун ўйлаб топганини айтади.
Кейинчалик Шарипов жабрланувчини мутлақо танимаслигини даъво қилади. Жабрланувчининг оиласи 2022 йилнинг 2 март куни Қибрай тумани прокурори номига ариза ёзган. Ариза туман ИИБга юборилади, бироқ Шарипов Миллий гвардия ходими бўлгани сабабли терговчи Раимқулов Б.Н. уни прокуратурага қайтариб юборади. 2022 йилнинг май ойида адвокатнинг мурожаатидан сўнг материаллар терговости тартибига кўра Чирчиқ ҳарбий прокуратурасига юборилгани аниқланади. 2022 йилнинг июль ойида жабрланувчининг қариндошларига материаллар прокуратурага қайтарилгани, прокуратура уларни ички ишлар бўлимига юборгани, терговчи Раимқулов эса жиноят таркиби йўқлиги сабабли иш қўзғатишдан бош тортгани билдирилади. Қизнинг ота-онаси яна прокурорга мурожаат қилади, терговчининг қарори бекор қилинади.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, воқеа жойида ўтказилган тергов эксперименти давомида бино раҳбарияти бу ҳақда огоҳлантирилмаган. Бино қоровули, гумонланувчининг онаси Ш.Ш. барча иштирокчиларни чиқариб юборишга уринган, терговчига баённомани тўлдиришга тўсқинлик қилган. Терговчи холисларни олиб келган, лекин уларга гап нима ҳақида кетаётгани айтилмаган. Холислардан бири бўлган эркак уни бу ишга аралаштирмасликни ва протоколдан чиқариб ташлашни талаб қилади. Натижада терговчи яна иш қўзғатишдан бош тортган ва жабрланувчининг ота-онасига “прокурор ўринбосари А.Н. жиноят ишини тугатиш тўғрисида буйруқ берди”, деб жавоб қайтарган.
2022 йилнинг 17 август куни ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар Омбудсмани) номига аризалар ёзилади.
2023 йилнинг 9 январь куни жабрланувчи оиласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати номига ариза ёзади.
2023 йилнинг 7 февраль куни ариза Бош прокурор ҳамда Бош прокуратуранинг вояга етмаганлар бўйича Бошқармасига юборилади.
“Афсуски, биронта мурожаат натижа бермади. Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари эълон қилингач, Nemolchi.uz лойиҳаси “Қибрай иши” тафсилотлари билан Миллий гвардияга мурожаат қилди. Миллий гвардия Матбуот хизмати жабрланувчининг аризаси кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этилгани ва 2023 йил 4 апрель куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси – “номусга тегиш” (айбдорга 14 ёшга тўлмаганлиги маълум бўлган шахс 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, оддий аскар Ш.Ш. 2020 йил февраль ойидан бошлаб Тошкент вилояти ИИБ Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилмоқда (жабрланувчи номусга тегиш ҳақида ариза билан 2022 йилда мурожаат қилган).
“Унинг кейинчалик Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилиши тўғрисидаги қарор тергов натижаларига кўра ҳал қилинади. Бош прокуратура матбуот котиби Nemolchi.uz лойиҳасининг мазкур ҳолат бўйича сўровига жавоб бермади”, деб ёзади лойиҳа муаллифи.