Янгиҳаёт туманидаги 331-мактабнинг юқори синфида таҳсил олувчи бир неча қизлар ўзидан кичик бўлган ўқувчини калтаклагани акс этган видеолар тарқалди. Таъкидланишича, 8-синфда таҳсил олаётган қизга енгил тан жароҳати етказилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
21 апрел куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги 331-мактабда таълим олувчи бир гуруҳ қизлар ўртасида жанжал келиб чиққани кўрсатилган видео тарқалди. Маълумотларга кўра, 2006 йилда туғилган Ҳ.С. ва 2007 йилда туғилган Д.У. қурилиши тугалланмаган объектда 2009 йилда туғилган С.Х.ни уриб, унга енгил тан жароҳати етказишган.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси хабар беришича, воқеа 12 апрел куни дарсдан сўнг содир бўлган, уни ўқувчиларнинг ўзи тасвирга олиб, тармоқларга тарқатган.
«Ушбу ҳолатдан мактаб маъмурияти 12 апрель куни кечки пайт хабар топган. Эртаси куни жанжал иштирокчиларининг ота-оналари чақиртирилиб, улар билан тушунтириш ишларини олиб борилган. Воқеа юзасидан мактаб маъмурияти Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБга мурожаат қилган. Айни пайтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади расмий изоҳда.
Пойтахт ички ишлар бош бошқармаси жанжал 13 апрелда юзага келганини ёзмоқда. Ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.