Нашрга кўра, ҳал қилувчи ғалабасиз Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашни сусайтириши мумкин. Бу эса Киевни урушни тугатиш ёки музлатиш учун тинчлик музокаралари бошлашда босимга олиб келиши мумкин.
АҚШ ва НАТО Украинани бўлажак жанг учун катта миқдорда артиллерия ва ўқ-дорилар билан таъминлади, ҳозирда расмийлар таъминот етарли эканига умид қилмоқда. Шу билан бирга, Пентагоннинг ошкор қилинган махфий ҳужжатларига кўра, ҳар бири 4000 нафарга яқин аскардан иборат 12 та Украина жанговар бригадаси апрель ойи охиригача қарши ҳужумга тайёр бўлиши кутилмоқда. Ҳужжатларда Украинанинг АҚШ ва НАТОдаги иттифоқчилари тўққизта шундай бригадани тайёрлаётгани айтилган. “Ҳаммаси қарши ҳужумга боғлиқ. Ҳамма умидвор, балки ҳаддан ташқари оптимистик. Бу украиналиклар учун жанг майдонида ҳудудни қайтариб олиш ва музокаралар йўли билан келишувга эришиш учун анча катта таъсир кўрсатиш борасида муносиб натижа бўладими ёки йўқлигини аниқлайди”, — дейди АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси ва НАТОнинг юқори мартабали расмийси Александр Вершбоу.
Америкалик ҳарбий амалдорлар Украина армияси уларни яна ҳайратда қолдириши мумкинлигини айтмоқда. Ҳозирда Украина Қуролли кучлари Европа танклари ва Америка зирҳли транспорт воситалари билан қуролланган, шунингдек, америкаликлар ва НАТО кучлари томонидан ўқитилган ва жиҳозланган янги қисмларга эга.
Айни пайтда Путиннинг орқага қайтиш эҳтимоли деярли нолга тенг.
“Путин Украинани тўлиқ ҳарбий бўлмаса ҳам, сиёсий йўл билан бўйсундиришдек стратегик мақсадидан воз кечишига далил ва асослар жуда кам. Бу унинг нафақат бир йил, балки деярли ўн йил давомидаги мақсади эди”, — дейди АҚШ мудофаа вазирининг халқаро хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Селеста Валландер.