Бугун, Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С. Давлетмуратов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.
Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А. Сагидуллаев ва Н. Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:
Аманбай Сагидуллаев Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми, 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган;
Ниетбай Уразбаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми “а” банди (ушбу харакатлар Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилди.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан Интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида юз берган оммавий тартибсизликлар бўйича суд мажлислари якунларига кўра ҳозиргача 22 нафар ва 39 нафар судланувчига ҳукм чиқарилган.