Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 19 ёшли йигит 10 кун давомида вояга етмаган қизни кимсасиз уйда сақлаб, уни ўзи билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Сукут сақлама” (“Nemolchi.uz”) лойиҳаси хабар берди.
Лойиҳа берган маълумотларга кўра, 2004 йилда туғилган С.Ҳ. жорий йилнинг 15 апрелидан 24 апрелигача вояга етмаган қизни ҳеч ким яшамаган уйда ушлаб, жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Жинсий алоқада бўлиш жараёнини телефони орқали видеога олиб, ундан 200 АҚШ доллари талаб қилган ҳамда қиз жинсий алоқада бўлишга қаршилик кўрсатган тақдирда видеони ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбориш билан қўрқитиб келган.
Орадан бироз вақт ўтиб, қиз ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Маълум бўлишича, 2 май куни йигит видеони тарқатмаслик учун қиздан 2 миллион сўм олган ва уни яна ўша бўш турган уйга олиб кетган. У ерда жинсий алоқада бўлиш арафасида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, қиздан олинган 2 миллион сўм пул маблағлари баённома асосида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят ишида С.Ҳ. айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Унга Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва 119-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айблов эълон қилинган. Янгийўл шаҳар прокурори С.Ҳ. томонидан ўта оғир жиноят содир этилгани, уни бошқа жиноят содир этишининг олдини олиш, дастлабки тергов ва судга келишдан бўйин товлаши мумкинлигини назарда тутиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган.
Мазкур илтимоснома бўйича суд мажлиси 3 май куни айбланувчи ва унинг ҳимоячиси илтимосномага эътироз билдириб, уни рад қилишни ва бошқа енгилроқ турдаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган. Аммо судья айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, у Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 1-сон тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишини ажрим қилган.
⠀