Жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг ўлимида айбланиб, ушланган шахснинг иши ёпиқ суд мажлисида кўрилади. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандлари, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 137-моддаси (одам ўғирлаш) 3-қисми “б” банди ва 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган) А.Т.га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг иш юритувига келиб тушган.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.
Аввалроқ Бош прокуратура Матбуот хизмати 12 ёшли қизнинг қотиллиги билан боғлиқ жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилганини маълум қилган эди.