Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси берган расмий маълумотга кўра, мамлакатда аҳолининг хавфсиз ва соғлом овқатланишини таъминлаш мақсадида тегишли тартибда ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Лекин шунга қарамай, озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаётгани сабабли республикада озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ заҳарланишлар қайд этиб келинади.
Жумладан, ўтган йили 65 ҳолатда овқатдан заҳарланиш кузатилган ва унда 518 нафар фуқаролар жабрланган, улардан 194 нафари болалар. 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).
Жами заҳарланишлардан:
уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ 36 та ҳолат (жами 82 нафар, 16 нафари болалар);
“Овқат токсикинфекцияси” ташхиси билан боғлиқ 28 та ҳолат (жами 432 нафар, 176 нафари болалар) қайд этилган.
2023 йилнинг ўтган даврида эса 21 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилиб, 107 нафар фуқаро жабрланган, шундан 22 нафар бола жабрланган, 2 нафар бемор вафот этган (уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотини истеъмол қилган).
Қўмита маълумотларига кўра, 2022 йил давомида олиб борилган ўрганиш ва текширишлар давомида сифатсиз деб топилган жами 5200 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари савдосига барҳам берилган. Жорий йилнинг 4 ойида эса бу борадаги кўрсаткич 147 тоннани ташкил қилган. Сифатсиз маҳсулотлар савдосига барҳам берилиб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинган.