Қозоғистонда “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги янги қонун билан блогерлар реклама постларини тег қилиб белгилаши ва ҳар бир эълон қилган реклама пости учун солиқ тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда депутат Айдос Саримга таяниб, “Orda.kz” хабар берди.
“Бугунги кунда интернетга катта миқдордаги молиявий ресурслар, жумладан, реклама берувчиларнинг пуллари кириб келмоқда. Ушбу соҳадаги ҳуқуқий масалалар кўпинча сояда қолиб кетмоқда”, дейди Айдос Сарим.
Унинг айтишича, кўплаб фаол фойдаланувчилар конвертларда пул олиб, интернетдан молиявий пирамидалар яратишда фойдаланади. Аксарият ҳолларда ноқонуний хайрия ишлари билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Шунингдек, депутат қонунчиликка маҳаллий ва мақсадли реклама билан боғлиқ кўплаб янги атамаларни киритиш режалаштирилаётганини таъкидлаган. Қонунчиларнинг фикрига кўра, бу солиқ органларига юбориладиган маблағларни кўришга ёрдам беради. Шу билан бирга фойдаланувчини чалғитмаслик учун тижорат постларини белгилаш керак бўлади.