Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судида 12 май куни метрода қиз болага шаҳвоний шилқимлик қилган йигит иши кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, 10 май куни 24 ёшли хоразмлик Ж.Ш. метро вагони ичида ўзи танимаган вояга етмаган қизнинг танасига тегиниб, шилқимлик қилган. Қиз бу ҳақда дарҳол вокзал ходимларига хабар берган, ҳуқуқбузар қўлга олинган.
Фуқаро Ж.Ш. ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини айтган ва суддан жазони енгиллаштиришни сўраган. Жабрланувчи, ўз навбатида, унга тегишли жазо берилишини талаб қилган.
Дастлабки тергов органлари йигитнинг ишини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) сифатида квалификация қилган. Бироқ раислик қилувчи судья уни 41−1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбдор деб топган. Бунда унинг муқаддам ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани, унинг ҳаракатларида жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги инобатга олинган.
Суд ҳукми билан айбланувчи беш суткага озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, шахсдан озиқ-овқат пуллари сифатида давлат даромадига 225 минг сўм ундиририш белгиланган.