Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари электроскутерлардан фойдаланишни бошлади

Сурхондарёда тез ёрдам шифокорлари синов тариқасида электроскутерлардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Республика тез тиббий ёрдам маркази Сурхондарё вилояти филиалига бир кунда ўртача 3 000 дан зиёд чақириқ келиб тушмоқда. Мурожаатларнинг аксарияти 17:00 дан тунги 01:00 га қадар бўлган вақт оралиғига тўғри келади.

“Албатта, бундай тиғиз пайтда беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вилоят тез ёрдам хизматида электроскутерлардан фойдаланиш йўлга қўйилди.

Тўғри, улар замонавий 103 автомашиналари каби қулайликларга эга бўлмаса-да, тирбандликлар ва ҳаракатланиш қийин бўлган жойларда осон юра оладиган транспорт воситаси саналади.

Бу эса шифокорларнинг белгиланган манзилга кечикмай етиб бориши ва беморларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишига хизмат қилади”, — дейилади вазирлик хабарида.