Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас, деган мазмундаги асоссиз хабарлар кенг тарқатилмоқда.
Шунингдек, юртимиздаги расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради.
2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.
Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.
Расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати илова қилинди.
Шунингдек, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланади.
Шу маънода, мусулмонларга расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкинлиги айтилади.
Ўз навбатида, идора бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатилишига қаршилигини билдирган. Экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланиши эслатилмоқда.
Маълумот учун, ишончли ва фойдали сайт ва каналлар:
«Қуръони карим ва тажвид» канали
«Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи» канали
ЎМИнинг расмий канали
Фатво маркази канали
Муфтий ҳазратларининг расмий канали