Тошкент шаҳрида метро ичида икки йигит нотаниш қизга шилқимлик қилиб, ҳолатни видеога олгани тўғрисида хабар берилганди. Ушбу йигитларнинг шахси аниқланиб, ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар судга оширилган. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, ҳуқуқбузарлар жавобгарликка тортилган.
Қайд этилишича, очиқ суд мажлисида Т.Р. (2001 йил Қашқадарё вилоятида туғилган, талаба) ва К.К. (2001 йилда Андижон вилоятида туғилган, талаба)га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 1 июндаги қарорига кўра Т.Р. ва К.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, ушбу кодекснинг 32-моддаси (маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар) 4-қисми тартибида уларнинг ҳар бирига 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
“Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақлилиги маълум қилинади”, — дейилади хабарда.