Россиянинг Нижний Новгород, Самара ва Ульяновск вилоятларида қўлбола алкоголдан заҳарланиш оқибатида 20 га яқин одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда ҳолатга Самарада ишлаб чиқарилган “Мистер Cидр” ичимликлари сабаб бўлган. Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова ушбу маҳсулотларни сотувдан олиб ташлашни буюрди.
Ульяновск вилоятида 16 киши ҳалок бўлди. Вилоят раҳбари Алексей Русскихнинг айтишича, вилоятда жами 40 киши заҳарланган. Димитровград шаҳри раҳбари Андрей Большаков қурбонлар сони 28 нафарга етганини маълум қилди.
Самара вилоятининг Новокуйбишевск шаҳрида икки аёл ичимликдан заҳарланиб вафот этди. Кейинроқ вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати етти киши шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Федерация таркибига кирувчи Удмуртия Республикасида иккита заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Зарарланган эркак ва аёлнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Биринчи жабрланганлар 3-5 июнь кунлари ёрдам сўраган – улар “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Заҳарланишнинг биринчи ҳолатлари Нижний Новгород вилоятида қайд этилган.
Тергов маълумотларига кўра, заҳарланганларнинг барчаси Самаранинг Красноглинский туманидан келган тадбиркор томонидан етказиб берилган “Мистер сидр” ичимлигини истеъмол қилган.
Ульяновск губернатори фавқулодда ҳолатга сабаб бўлган алкоголли ичимликлар таркибида метанол моддаси топилганини маълум қилди.
Ҳолат бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Терговчилар маҳсулот етказиб берган якка тартибдаги тадбиркорни қўлга олди. Ичимлик ишлаб чиқарилаётган корхонада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Полиция Ульяновск вилоятида 6 минг литрга яқин “Мистер сидр” ичимлигини мусодара қилди. Қўлга олинган маҳсулотларни физик-кимёвий ўрганиш белгиланди. ИИВ вилоят бошқармасида таъкидланганидек, 31 май ва 1 июнь кунлари бўлиб ўтган сўнгги харидлар чоғида фақат сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган йўл варақалари спиртли ичимликлар учун ўтказилган.