Огоҳ бўлинг: сўнги уч йилда 458 киши чўкиб кетган

Куннинг иссиқ ҳарорати кишининг чўмилишга бўлган эҳтиёжини оширади. Шу сабаб кўплаб ёшларни сузиш ҳавзаларида учратамиз. Бироқ статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили дунёда 360 минг нафарга яқин инсон белгиланмаган жойларда чўмилиш оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмар экан. Афсуски, юртимизда ҳам бундай ҳолатлар те-тез учраб туради.

Статистик маълумотларга қараганда 2020 йилда жами 165 нафар чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва уларнинг 56 нафари (34 фоизи) вояга етмаганлар бўлган. 2021 йилнинг 14 августига қадар эса чўкиш оқибатида вафот этганлар сони 151 нафарга этган бўлиб, уларнинг 64 нафари (42,4 фоизи)ни вояга этмаганлар ташкил қилган. 2022 йилда ҳам 142 нафар фуқаро, шундан 51 нафари чўмилиш, 85 нафари эса эҳтиётсизлик оқибатида сувда чўкиб кетган.

Ҳали ёз келмай туриб бу йил ҳам турли бахтсиз ходисаларни эшита бошладик. 3 июн куни Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Кўктерак ҳудуди, Учсада маҳалласидан оқиб ўтган Захариқ каналида 6 ёшли бола чўкиб кетган. Унинг жасади 4 кундан бери топилмаяпти.

28 май куни Андижонда 20 ёшли йигит ўзига аввалдан таниш бўлган қиз каналга тушиб кетганини кўриб,қутқариш мақсадида Марҳамат туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналига тушган. Шу пайт қизни атрофдаги одамлар қутқариб қолган. Аммо йигит оқиб кетган.

25 май куни куннинг иккинчи ярмида Қўштепа туманидаги мактабларнинг бирининг битирувчилари “Пахтакор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтадиган Катта Фарғона каналига чўмилиш мақсадида борган. Улардан бири эса чўмилиш вақтида сувдан қайтиб чиқмаган. 9 кун давомида ФВБ ходимлари томонидан қидирув ишлари амалга оширилди ва унинг жасади 3 июнь куни топилди.

Яна худди шу куни соат 14:00 ларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида Зарафшон дарёсига 3 нафар вояга етмаган бола чўмилиш мақсадида бориб, эҳтиёцизликлари оқибатида чўкиб кетган.
Чўмилиш масаласида доимо ҳушёр бўлиш чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларнинг олдини олишини ҳисобга олиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан бир қатор маслаҳатлар олдик.

“Қорин оч вақтда чўмилмаган маъқул”

“Таъкидлаш жоизки, айни ёз мавсумида чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалар учраб туради. Бундай фожеага асосан ота-оналар, катталар томонидан назорат бўшаштирилгани, маҳалла, мактаб, коллеж, академик лицей ва бошқа хизмат ходимларининг ёшлар орасида тушунтириш ишлари қониқарсиз олиб борилаётгани, шунингдек, болаларнинг суза олмасликлари ҳам сабаб бўлади. Шуни эслатиб ўтиш зарурки, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, яъни бирор бир одам чўкса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади. Чўмилиш жойини чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.

Чўкиш нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши оқибатида юзага келадиган ҳолатдир. Агар, ниҳоятдан чарчаган, сувда узоқ вақт қолиб кетган ёки қорни оч бўлса, шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилинган, чанқоқ, касаллик сизни безовта қилаётган вақтларда чўмилмаганингиз маъқул.Айтиб ўтиш керак, айрим инсонлар сув ҳавзаларига спиртли ичимликлар ичиб келишади. Маълумки, спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш натижасида инсон танасини бошқара олмай қолади.

Хулоса қиладиган бўлсак, маст ҳолатда чўмилишнинг оқибати эса ўзингизга маълум.Экспертиза хулосалари ва таҳлилларига қараганда, сувда чўкиш каби бахтсизлик юз беришига сабаб, аввало, таъқиқланган жойларда чўмилиш, сузишни билмаслик ёки спиртли ичимлик истеъмол қилиш туфайлидир.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, чўмилиш борасида ҳушёр бўлиш киши саломатлиги ва хавфсизлигининг гаровидир. Шундай экан, юртимизда мавжуд чўмилиш ҳавзаларидан фойдаланганда ҳушёр бўлиш, бу борада маълум қоидаларга амал қилиш ҳамда фарзандларимизнинг тақиқланган жойларда чўмилмаслигини назорат қилиш орқали уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир”.

Шахруза Сатторова