2024 йилдан кўзида ногиронлиги бўлган минг нафардан ортиқ шахслар сиҳатгоҳда бепул даволанади.
Вазирлар Маҳкамасининг кўришда ногиронлиги бўлган шахсларни бепул соғломлаштиришга қаратилган қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Унда айтилишича, кўришда нуқсони мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятига қарашли «Янгийул» юрак-асаб касалликлари сиҳатгоҳида соғломлаштириш йўлланмалари харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш кўзда тутилмоқда.
Белгиланишича, 2024 йилдан бошлаб йилига 1 минг 200 нафаргача 1-гуруҳ кўришда нуқсони мавжуд ногиронни уларнинг етакловчиси билан бирга сиҳатгоҳда соғломлаштириб борилади. Улар 12 кунлик соғломлаштириш курсидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қоидага кўра, айнан бир дам олувчига мазкур қарор доирасида икки йилда бир мартадан кўп йўлланма ажратилмайди.
Муҳокамалар 13 июнга қадар давом этади.