— Тиббиётдаги аксарият муолажалар қарши кўрсатмаларга эга. Шу маънода ошқозон кичрайтириш амалиётини ҳам қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд.
Энг аввало, сурункали юрак касаллигига чалинган инсонларда бариатрия операциясини бажариш тавсия этилмайди.
Қолаверса, буйрак етишмовчилиги ёки жигар, ўсма хасталиклари бор беморларда ҳам бу муолажани ўтказиш мумкин эмас.
— Амалиётдан сўнг беморларда қандай салбий асоратлар кузатилиши мумкин?
— Бариатрик жарроҳликдан кейин инсон тўйиниши учун оз миқдордаги озиқ-овқат ҳам етарли бўлади. Қолаверса, бу муолажа усули семириш билан боғлиқ кўплаб жиддий касалликларга барҳам бериши билан аҳамиятли.
Бироқ мазкур операция асоратлардан холи эмас.
Яъни, амалиётдан сўнг беморнинг кесилган жойидан қон кетиши, темир танқислиги анемияси ривожланиши мумкин. Баъзи ҳолларда ўн икки бармоқли ичакдаги сафро ошқозонга зарда бўлиб чиқиши кузатилади.
Шунингдек, ушбу амалиётни қўллаганларда ошқозоннинг шиллиқ қаватида яхши сўриладиган Б12, Д3 витаминлари камайиб кетиши учрайди.
Шунга қарамай, операциядан кейинги ушбу асоратлар қийинчиликсиз бартараф этилади ва бу беморлар ҳаётига хавф туғдирмайди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг озиш нафақат семизлик асоратларидан қутилиш, балки яна узоқ йил сифатли ҳаёт кечириш имконини беради.
Шуҳрат Ҳошимов,
академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари