Баҳор-ёз ойлари истироҳат боғлари мавсуми. Синфдошлар, курсдошлар ёки оила аъзоларингиз билан салқин хиёбонларда сайр қилгингиз, аттракционларда учгингиз келадиган давр.
Аммо афсусски, сўнги пайтлардаги турли кўнгилсиз воқеаларни эшитиб, ушбу аттракционларнинг хавфсизлигига шубҳа қилиб қоляпмиз.
2019–2021 йиллар мобайнида аттракционлар билан боғлиқ 7 бахтсиз ҳодиса рўй берди, шундан 3таси ўлим билан якунланган. 2022 йилда ҳам бир қурбон, 2023 йилнинг ярмига ҳам етмай яна бир киши ҳалок бўлди.
Вафот этган 12 ёшли бола, олти метрга учиб кетган арғимчоқ
2023 йил, 14 май. 12 ёшли бола Наманган шаҳридаги истироҳат боғидаги аттракционда айланган вақтида бош қисмидан тан жароҳати олиб, вафот этди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, вилоятнинг Учқўрғон туманидаги 8-мактаб ўқувчилари синфдошлар билан биргаликда саёҳатга чиққан.
2023 йил, 26 март. Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” номли марказий маданият ва истироҳат боғидаги “Твистер” аттракционнинг оқ-қизил рангдаги арғимчоғи ўз ўқи атрофидан чиқиб, тахминан 6 метр узоқликка учиб тушган. Натижада эр-хотин ва уларнинг кичкина фарзанди оғир жароҳат олган. Гўдакнинг боши ёрилган, эркакнинг қўли синган, аёлда эса ички гематома қайд этилган. Бундан ташқари, учовлоннинг мияси чайқалган, турли даражадаги бошқа жароҳатлар ҳам олишган.
2023 йил, 23 март. Фарғона вилояти Риштон туманида жойлашган марказий истироҳат боғидаги “Қароқчилар кемаси” номли аттракциондан 17 ёшли қиз тушиб кетди. Жароҳатланган ўсмир оғир аҳволда туман шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
2022 йил 20 ноябр. Қарши шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғида жойлашган аттракционлардан бирида 13 ёшли қиз бош миясидан оғир жароҳат олган. Хавфсизлик учун ўрнатилган кичик темир устун чиқиб кетган. Шундан кейин қиз аттракциондан пастга йиқилган.
2022 йил 4 июн. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида «Саккизоёқ» аттракционида учаётган 5 яшар қизча аттракцион тўхташ вақтидан олдин тушиб, эҳтиётсизлик оқибатида тан жароҳати олган.
2020 йил 2 январ. Фарғонадаги “Ал-Фарғоний” миллий боғидаги «Боостер мах» аттракционининг маҳкамлаш деталларидан бири чиқиб кетиб, аттракционда учаётган 32 ёшли аёлнинг бошига урилади. Шифохонага етказилган аёл шифокорларнинг уринишларига қарамай вафот этган.
2019 йил 30 сентябр. Намангандаги кўнгилочар истироҳат боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган “Спин блоcк” аттракционида 18 ёшли қиз аттракционда кутилмаганда жароҳат олади ҳамда воқеа жойида вафот этади.
2019 йил 28 июн. Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” болалар боғида “Учар ликопча” аттракционининг ликопча қисми айланаётган пайтда таянч қисмидан узилиб, 7 метр баландликдан ерга қулаган. Бу пайтда аттракционда турли ёшда бўлган 8 киши бўлган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 20 яшар қиз фожиавий тарзда ҳаётдан кўз юмган. У касалхонага етмай йўлда жон берган.
2019 йил 14 май. Самарқандда бир қиз катта тезликдаги аттракциондан отилиб кетгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бунга хавфсизликни таъминловчи белбоғ ечилиб кетгани сабаб бўлган. Катта тезликда бетон юзага урилган ва бошидан жароҳат олган.
2018 йил 31 май. Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғидаги аттракционда болалар поезди босиб ўтиб кетган тўрт яшар қизалоқ нобуд бўлганди.
2017 йил 16 сентябр. Навоий шаҳрининг Алишер Навоий истироҳат боғидаги аттракционлардан бирининг елим ўриндиғи синиши ва хавфсизлик камарининг узилиб кетиши оқибатида 25 яшар йигит юқори баландликдан тушиб кетади. У қулаётган пайтда аттракцион ичидаги унутиб қолдирилган темир нарвонга келиб урилади ва оғир жароҳат олади. Гарчи тирик қолган бўлса-да, йигитнинг саломатлигига тиклаб бўлмас зарар етгани айтилган.
“Носоз бўлса ҳам таъқиқлашга ҳаққимиз йўқ”
Юқоридаги каби воқеалар тафсилоти ўрганилар экан, кўпинча аттракциони статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, улардан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани, оддий техник хавфсизликларга риоя қилинмагани ёки жабрланувчининг ўзи эҳтиётсизлик қилгани сабаб бўлади.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистондаги аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилганини айтган.
“Аттракционларнинг техник ҳолати ҳар мавсум бошида, яъни йилда бир марта динамик ва статик синовдан ўтказилади. 100 нафардан иборат 16та ишчи гуруҳ томонидан республика бўйича аттракционлардаги вазият ўрганилганди. Айтиш мумкинки, республикадаги бирорта истироҳат боғи ҳақида ижобий хулоса бериб бўлмайди. Аттракционларнинг ярмидан кўпи собиқ иттифоқ даврида ўрнатилган ва муддатини ўтаб бўлган”, деган Ғуломов ОАВ вакиллари билан учрашувда.
Саноат хавфсизлик қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраев ҳокимликлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги носоз аттрационларни фойдаланишдан чиқариш борасидаги мурожаатларни эътиборсиз қолдираётганини таъкидлайди.
2022 йилда Республикада мавжуд 1879 та ҳар хил аттракционларнинг 574 таси техник носоз деб топилган, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилган.
“Тошкент шаҳри энг намунали ҳудуд бўлса-да, шаҳардаги мавжуд 17 та истироҳат боғидан 11 тасининг фаолиятига рухсат берилган. Қолган боғларда жойлашган аттракционларнинг камчиликлари бўлгани сабаб уларнинг фаолият юритишига рухсат берилмаган.
Аммо ҳудудлардаги боғларда жойлашган аттракционларни назоратдан ўтказиш масаласи жуда оғир. Биз тадбиркор ишлатаётган аттракционнинг носоз эканини айтсакда, хулоса берсакда, буни тақиқлаб қўйишга ваколатимиз йўқ. Хусусан, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги носоз аттракционлар ҳам фаолият юритиши учун хавфли деб топилган.
Бироқ тадбиркорлар ўзбошимчалик қилиб, тартибга бўйсунмаган. Оқибатда кўнгилсиз воқеалар рўй берди”, — дейди Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг истироҳат боғларини назорат қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Абдуфотиҳ Рашидов.
Унда фожиалар учун ким жавобгар?
Масъулларнинг айтишича, тадбиркорлар аттракционларида камчилик бўлсада, ўзбошимчалик билан уларни ишлатиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда. Уларнинг носоз аттракционларни тақиқлаб қўйишга ҳам ваколати йўқ экан.
Текширилганда ҳам носоз деб топилган атракцион яна ҳар доимгидек фаолият кўрсатаверади. Хўш, унда бу муаммога ечим топиш учун нима қилиш керак?
Фойда олишни одамларнинг ҳаётидан ҳам устун қўядиган тадбиркорларни тийиб турадиган бирор қонун йўқми? Носозликлар туфайли юз бераётган бахтсиз ҳодисалар дарс бўлмаётганига, бу каби фожиалар тўхтамаётганига ким айбдор?
Аттракционни тақиқлаб қўйишга ваколати бўлмаган мутасаддиларми, хавфсизликни биринчи ўринга қўймаган тадбиркорларми, ёки шунчаки ҳордиқ чиқариш учун келиб, ҳалок бўлган қурбонларми?
Шаҳруза САТТОРОВА