Статистика агентлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2023-йилнинг дастлабки 6 ойи давомида ўртача ойлик иш ҳақи 4,3 миллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022-йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга юқори ҳисобланади. Қуйида республика ҳудудларидаги ўртача ойлик иш ҳақининг ўсиш динамикалари таҳлил қилинади.
Ўртача ойлик иш ҳақи юқори ва паст ҳудудлар
2023-йилнинг январ—июн ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 7 миллион сўм. Кейинги ўринларда Навоий (5,7 миллион сўм) ва Тошкент вилоятларида (4,3 миллион сўм) кузатилди.
Энг кам ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи эса Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келган — 3 миллион 197 минг сўм. Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Наманган вилоятларидаги ўртача ойликлар Қашқадарёдагидан 30 минг сўмдан 63 сўмгача кўпроқ.
Ойликлар қайси ҳудудларда кўп ва кам ўсди?
Ҳисобот даврида ҳудудлар бўйича 2022-йилнинг мос даврига нисбатан энг кўп ўсган ойликлар миқдори Тошкент шаҳри (27 фоиз), Хоразм (22,8 фоиз), Андижон (22,7 фоиз), Жиззах (21,9 фоиз), Бухоро вилоятларида (21,5 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган.
Ўртача ойлик иш ҳақларининг энг паст даражадаги ўсиши Қашқадарё вилоятида рўй берган — 15,6 фоиз.
Агентлик ахборотида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига (4,3 миллион сўм) нисбатан ҳудудлардаги ўртача ойлик иш ҳақи динамикаси ҳам келтирилган. Унга кўра ҳам энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 161,9 фоиз. Қашқадарёда эса кўрсаткич энг паст нуқтани — 73,8 фоизни ташкил қилган.
Соҳалар кесимида ҳудудлардаги ўртача ойлик иш ҳақлари
Январ–июн ойларида саноат иқтисодий фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Навоий вилоятида (8,2 миллион сўм) қайд этилган. Кейинги ўринларжа Тошкент шаҳри (6,3 миллион сўм), Тошкент (5,5 миллион сўм), Қашқадарё (5,3 миллион сўм) вилоятларида кузатилган.
Қурилиш фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент вилоятида (8,6 миллион сўм) кузатилган. Шу билан бирга, Навоий вилояти (6,6 миллион сўм) ҳамда Тошкент шаҳрида (5,6 миллион сўм) қайд этилди.
Молия ва суғурта фаолияти иқтисодий фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (15,9 миллион сўм), Андижон (11,1 миллион сўм) ва Навоий (11,1 миллион сўм) вилоятларида кузатилди.
Савдо фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (5,6 миллион сўм), Бухоро вилоятида (4,5 миллион сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (3,6 миллион сўм) кузатилди.
Ташиш ва сақлаш иқтисодий фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (7,4 миллион сўм), Хоразм вилояти (6,9 миллион сўм), Бухоро вилоятида (6,4 миллион сўм) кузатилди.
Ахборот ва алоқа иқтисодий фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (10,6 миллион сўм), Фарғона вилояти (8,1 миллион сўм) ҳамда Бухоро вилоятида (7,7 миллион сўм) кузатилди.
Таълим соҳаси бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (4,9 миллион сўм), Наманган (3 миллион сўм) ҳамда Тошкент вилоятларида (2,9 миллион сўм) кузатилди.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасининг фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (3,5 миллион сўм), Хоразм вилояти (3,2 миллион сўм) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (3,1 миллион сўм) кузатилди.
Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасининг фаолият тури бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (4,4 миллион сўм), Самарқанд вилояти (3,9 миллион сўм) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (3,8 миллион сўм) кузатилди.