3 август куни Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида тайинланган суд мажлисига даъвогар сифатида борган эркак юрак хуружидан вафот этди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суд мажлиси соат 9:15 га тайинланган. Олий суд мажлиснинг ўз вақтида бошланганини маълум қилди.
«Суд мажлиси котиби тарафларни суд залига таклиф этиш учун кутиш хонасига чиққанида 66 ёшли М.А. беҳуш ҳолда ётганини кўрган. Барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, шошилинч тез тиббий ёрдам ходимларига хабар берилган. Ҳодиса жойига етиб келган тиббиёт ходимлари томонидан М.А. ҳаётдан кўз юмгани аниқланган», — дейилади хабарда.
Тиббиёт ходимлари берган бирламчи хулосага асосан, фуқаро М.А.нинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган.